Фан олимпиадаларининг нархи қанча?

янв 12 / 2018

alt

Коррупция тарихи инсоният тарихи каби кўҳнадир. Қадимги юнон файласуфи Аристотел шундай деган эди: «Ҳар қандай давлат тузумида энг муҳими — бу қонунлар ва тартиб-қоидалар воситасида ишни шундай ташкил этишки, мансабдор шахслар қинғир йўл билан бойлик орттира олмасин». Платон ўзининг «Қонунлар» асарида порахўрликни «шармандалик» дея таъкидлаб ўтган эди. Қадимги даврларда Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган давлатларда ҳам порахўрлик оғир жиноят ҳисобланган ва айбдорларга ўта оғир жазолар тайинланган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир чиқишида жамиятни орқага тортаётган бу мавзу қайта ва қайта кўтарилмоқда. Прокурорлар, молиячилар, суд-ҳуқуқ соҳаси бундай манфур жиноятга қўл ураётган қаллоб ва муттаҳамлардан тозаланмоқда. Бироқ коррупциянинг бешикларига одам анча вақтли, болалигида, ўқувчилигида дуч келмоқда. Аниқроғи, таълим тизимида.

Қуйида мен учун яқин, жамиятда ўз ўрнига эга, ҳар бири устозимдай яқин инсонларнинг ижтимоий тармоқда эълон қилган оғриқли ҳикояларини баён қилмоқчиман.

Амрулло Каримов, журналист:

«Қишки таътил тугашига жуда кам вақт қолди. Одатда таътилда мактаб миқёсида билимлар беллашуви ва олимпиадалар бўлиб ўтади. Ўғлим бекор юрмаслик учун ҳуқуқшуносликдан билимлар беллашувига қатнашди. Бир неча кун китоб ўқиди, тайёрланди, натижани сўрасам индамади. Маълум вақт ўтгач, ўзи ёрилди. Синфдоши биринчи ўринни олганини айтди. У билимлими десам, «Негадир ўқитувчимиз синов бошлангач, уни қандайдир қоғозларни нусха кўчириб кел, деб жўнатди. Аммо, у ҳаммадан юқори — 100 фоиз натижа кўрсатибди. Билишимча, у саволларга жавобни ташқарида опасига ишлатиб кирди» — деб қолди. Мен ўғлимнинг фикрига ҳеч қандай муносабат билдиролмадим. Юрагим оғриди. Коррупциянинг мактабдаги кўринишими бу?!

Кундалигида 2-чорак мобайнида ҳар куни 4-5 тадан «Аъло» баҳо кўринади. Синф раҳбари «Раҳмат!» деб ёзиб юборади. Имкон қадар тайёрланяпти. Бундай ҳақсизликни кўргач, интилиши сусаймасмикин, деган ҳадик менга тинчлик бермаяпти».

Малоҳат Усмонова, журналист:

«Қизим ҳам инглиз тилидан билимлар синовида иштирок этди. Ўша куни жиғибийрон бўлиб келди. Мактабимдаги ўқитувчиларимни ёмон кўриб кетяпман, деди. Сабаби, биринчи ва иккинчи ўринларни олган болаларга инглиз тилидан имтиҳон олган ўқитувчи уйида уларга қўшимча дарс ўтар экан. Еган оғиз уялар, деганларидай ўринларни ана шу ўқувчиларга тақсимлаб берибди. Ваҳоланки, ўрин олган ўқувчилар у қадар ҳам билимдон эмас экан».

Бундай ҳолатлар қаердан келиб чиқяпти, деган савол туғилади? Биласизми, мен шу материални тайёрлаш жараёнида ўндан зиёд педагог танишларим билан суҳбатлашдим. Уларнинг фикрларига кўра, олимпиадада ўқувчиси бирор фандан туман босқичида ўрин олган ўқитувчининг тоифаси оширилади, натижада ойлик ҳам ошади. Қолаверса, ўқитувчини нега бирор ўқувчинг туманда ўрин олмаяпти деган мазмундаги ниқтовлар ҳам оғир вазиятга солиб қўяди.

Қарабсизки, ўз-ўзидан «таниш-билишчилик», коррупция юзага келади. Маълумотларга кўра, бугунги кунда фан олимпиадасининг туман босқичида ўрин олиш ўртача 50-100 АҚШ долларига баҳоланган! Бу — даҳшатли ҳақиқат! Минглаб ана шундай жиноятлар содир бўлмоқда. Бир неча минглаб ёшларнинг кўнгли чўкиб қолмоқда, давлатга нисбатан, ҳукумат мансабдорига нисбатан ҳафсаласи пир бўлмоқда. Улар ҳаётдаги муваффаққиятларни коррупция, порахўрлик белгилар экан, деган хато фикрга, тўхтамга келишмоқда!

Нега бунчалар асабийлашяпман? Боиси, бир неча ўн йиллар илгари ўзим ҳам бундай ноҳақликларнинг қурбони бўлганман. Афсуски, ўшанда менинг овозимни ҳеч ким эшитмас, ўшанда ожиз отам кўзимга хижолатомуз тикилишдан бошқа чора топа олмаган эди. Бу мақолани мен буюртма учун ёки ўзимнинг шахсий манфаатим учун ёзаётганим йўқ. Бу орқали кимгадир қора чаплагим ҳам йўқ. Биламан, Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти ҳаракат қилмоқда, тизимни янгилаш чорасини кўрмоқда.

Коррупция ва порахўрлик мисоли саратон: бу хасталик фуқаронинг давлатга нисбатан, демократияга нисбатан ишонч-эътиқодини ейди. Бу бало фуқаронинг инновацияларни амалга ошириш ҳамда яратувчанлик қобилиятини йўққа чиқаради ва бутун бошли янги авлоднинг истеъдодини инкор қилади, ишчи ўрниларни йўққа чиқариб, сармоядорларни узоқлаштиради.

Бугун эса мен журналистман — оқни оқ, қорани қора дейишга ўрганганман. Кун келиб менинг болаларим ҳам ана шу муттаҳамликнинг қурбони бўлишлари мумкинлигини ўйлаб барчани огоҳликка чорламоқчиман.

Шуҳрат Сатторов

 

  • Мехмон
    24 феврал 2018, 06:41

    Мехмон 07 феврал 2018, 22:18 Адлия вазирлигидан 2849 рақам билан ўтказилган Низомни иловасида "Меҳнат самарадорлиги" бўлимини ўқинг. 30 балл олиш учун ўқувчингиз республика миқёсида иштирок этиши керак.

  • Мехмон
    07 феврал 2018, 22:18

    Мен юкорида келтирилган гапларга унчалик кушилмайман. Бунака мавзуда макола е"зиш учун аввал мактаб сохасини яхшилаб урганиш лозим. Олимпиада ва Билимлар беллашуви натижасига караб тоифа берилар эмиш...
    Бундай беллашувларнинг мактаб боскичидан хеч ким манфаат курмайди.
    Укитувчи тоифа олиш учун мингта чигирикдан утиши керак, яьни аттестациядан.Бу дегани тестлар, сухбат ва савол-жавоблар... Якиндан бошлаб аттестацияга кириш учун энг кам иш хаки микдорида пул тулаш жорий килинди. Коррупция хакида е"змокчи булсангиз каламингиз учини бечора муаллимларга эмас, бошка йуналишга каратишингизни маслахат берган булардим. Зеро, уша укитувчи булмаганда сиз журналист булмасдингиз.

  • МехмонNizomaddin
    07 феврал 2018, 10:49

    Мени таклифим олимпиядани онлайин тарзда ва видео кузатув билан биргаликда килиш керак.Хар бир укувчига логин парол берилса ва ведео кузатувни пракратура ва халк таълими вазирлиги, укувчининг ота оналари биргаликда кузатиб туишса хеч кандай коррупсия булмайди ва уквчиларни укишга булган муносабати хам узгаради

  • Мехмон
    18 янвuary 2018, 16:19

    Сиз мактаб билимлар беллашувидаги коррупция тўғрисида ёзибсиз. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрайликчи, мактабнинг ўзида коррупция йўқми?! Ўқитувчининг туғилган куни, устоз ва мураббийлар куни, 8-март, сўнгги қўнғироқ ва бошқа муносабатлар билан ота-оналар томонидан ўқитувчиларга қилинаётган совға-саломлар, "конвертлар" фарзандлар қўли орқали ёки албатта уларнинг хабардорлигида бўлмоқда. Афсуски, ҳали-ҳанузгача. Аммо мени ҳаддан ортиқ асабийлаштираётган ва менинг кўзларимга ҳар сафар ёш келишига сабаб бўлаётган яна бир ҳолат борки, бу ватанпарварлик туйғуси ва виждони бор ҳар қандай одамни асабийлашишига сабаб бўлади. Бу-боғчалардаги коррупция. Балки мен сўз танлашда адашаётгандирман, журналист эмасман. Минг бора узр. Яхшироқ боғчага жойлаштириш учун боғча мудираларига бериладиган порани балки бола билмас, лекин боғча опа (тарбиячи, энага, мудира опа) ларга байрам ва юқорида ёзган муносабатлар сабаб қилинаётган совғалар, энг ачинарли ва оғриқли жиҳати совға қилмаган, қилишга қурби етмаган, атайлаб, фарзанди тарбияси ҳақида чуқурроқ ўйлаган ота-оналарнинг фарзандларига боғча опалар томонидан қилинаётган муносабатлар мурғак ва беғубор болаларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатмаслигига ким кафолат беролади??? Болада фалончи ўртоғимнинг ота-онаси боғча опамга яхши совға қилганди, уни боғча опам бошқалардан кўра яхшироқ кўради деган тушунча пайдо бўлмайдими??? Менимча, коррупциянинг биринчи оқ томирчалари шундадир. Албатта, бизнинг тарихимизда ва ҳозир ҳам, миллат келажаги бўлган ёш авлодга бериладиган тарбия тўғрисида тўғри фикрлайдиган, ўзи ватанимизни севганидек, келажагимиз бўлган фарзандларимизга ҳам ватанпарварлик, соғлом фикр, адолатли ва пок яшаш, ҳалол ишлаб ватан ва халқ хизматини қилишни болаларимиз онгига сингдираётган тарбиячилар оз эмас. Бироқ.... Лекин, биз умид қилишда тўхтамаймиз. Ҳали яхши кунларимиз олдинда. Фарзандларимизга тўғри тушунчани биз беришимиз керак. Совға кўтариб юрган ота-оналарни ўзларини фикрлашини тўғрилаш керакдир балки...

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *