БИР МАСАЛА ЮЗАСИДАН ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИГА ЮЗЛАБ АРИЗА ЙЎЛЛАШДАН МУДДАО НИМА?
17 октябр 2017, 11:35 4342 кўрилди

alt

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Улар халқ билан доимий мулоқот қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида холислик тамойиллари асосида кўриб чиқилишида, мансабдор шахслар масъулиятини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.

Бироқ ҳаётда шундай инсонлар ҳам учрайдики, яратилган шароит ва имкониятлардан фақат ўз манфаатини қондиришни кўзлайди, ҳатто ғараз ниятини шу орқали амалга оширишга уринадиганлар ҳам йўқ эмас. Бундай  мурожаатлар сабаб бошқа бировнинг манфаатига путур етади, айни вақтда кўплаб идораларда ортиқча вақт ва қоғоз сарфи, беҳуда ўрганишларга сабаб бўлади. 

Масалан, Шаҳрисабз туманилик Б.Ҳотамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бир эмас, ўн эмас, нақ 208 марта Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонага мурожаат қилган. Ўрганишларда аён бўлишича, аслида унинг бировга муҳтожлик жойи йўқ. Шунчаки ёзишни, бўлар-бўлмасга ариза йўллашни одат қилиб олган. Бир қанча талаблари инобатга олиниб, мурожаатлари қаноатлантирилган ҳам. Қараган – нима талаб қилса, зумда бажариб беришаяпти, айтгани-айтган, дегани-деган. Бу кимга ёқмайди дейсиз?! Бироқ ҳамма нарсанинг ҳам чек-чегараси бор-да. Охирги гал у Қарши туманида қурилаётган арзонлаштирилган уйлардан олмоқчи бўлиб ариза ёзди. Унинг бу талаби ҳам бажарилди – ҳатто уй учун тўланадиган дастлабки тўловнинг тенг ярми, яъни 8 миллион сўмдан кўпроқ маблағ унинг номига ўтказиб ҳам берилди. Аммо Б.Ҳотамов ҳали-ҳамон ёзишда, кўплаб идоралар масъулларини сарсон қилишда давом этмоқда.

Нишонлик И.Қудратов эса ўз мурожаатида ёзда боши, қишда эса бутун танаси қақшаб оғришини айтиб, ҳар ойда 300 минг сўмдан ёрдам пули бериб туришларини сўраган. Тегишли идоралар масъуллари бориб кўришса, эндигина ўттиздан ошган бу йигитнинг тўрт мучаси ҳам соғ, у шунчаки “ётиб ейиш”га кўниккан ёки шуни истаган экан.

Қарши шаҳрилик Қ.Пўлатов адовати сабабни, ё “адолат” истабми, бир мактаб директорини ишдан олишни сўраб, салкам 50 марта ариза ёзган. Шунга кўра, директор фаолияти тегишли органлар томонидан бир неча марта текширилган. Бироқ қонунга зид ҳолатлар аниқланмаган. Нияти амалга ошмаган хусуматчи охири директорнинг олдига келиб, агар 1000 доллар берсанг тинч қўяман, деб таҳдид қилган. Мана, унинг асл мақсади нимадан иборат бўлган. Ваҳоланки, унинг шикоят хатлари гўёки таълим сифати ва самарадорлигини таъминлашга қаратилгандек эди. Била туриб ёлғон маълумот тарқатгани ва тамагирлик истаги сабаб унинг ўзи тегишли жавобгарликка тортилди.

- Халқ қабулхоналарига бугунги кунга қадар 20 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлса, шуларнинг 4 мингдан ортиғи қаноатлантирилиб, 13 мингдан кўпроғи асоссиз бўлгани боис рад этилди,- дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятимиздаги Халқ қабулхонаси мудири Абдуҳалим Холмахматов. - Муаммолар ечимига холис ва ҳаққоний ёндашамиз. Мурожаатлар таҳлили ҳамма ҳам муҳтожлиги сабаб мурожаат қилмаётганини кўрсатади. Масалан, Қарши туманилик Ҳ.Носирова маҳалладан моддий ёрдам беришмаяпти, деб бир неча бор мурожаат қилган. Аниқланишича, унга маҳалладан кам таъминланган оила сифатида ҳар ойда 244 минг сўмдан моддий ёрдам бериб бориларкан. Саломатлигини тиклаш учун имтиёзли йўлланма билан бепул даволаниб чиққан, фарзандларига кийим-кечак совға қилинган, паспорти бепул алмаштириб берилган, яқиндагина бир ҳомий ташкилот томонидан янги телевизор берилибди. Кейинги мурожаатида у яна битта телевизор сўрабди...

Миришкорлик Қ.Келдиеванинг ҳам мурожаати асосида уйи таъмирлаб берилган, том қисми шифер билан ёпилган. Буни кўриб, унинг синглиси Р.Пирназарова ҳам Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, унинг уйини ҳам худди опасиники каби мукаммал таъмирлаб беришларини сўраган.

Тўғри, тирик банда борки, ташвиши бор. Бироқ бу дегани – ҳамма ташвиш ариза ёзиб, ҳал қилинади, дегани эмас-ку. Озроқ ҳаракат қилиш, билакдаги кучни, бошдаги ақлни ҳам ишга солиш керак-да.

Баъзи ҳолларда айрим раҳбарлар шикоятчининг талаби асослими-йўқми, аниқламасдан, қандай бўлмасин “оғзини ёпиш” ва “ортиқча дахмаза”дан қутулиш мақсадида ҳар қандай талабни сўзсиз бажараверишган. Бу эса кўриб турганимиздек, кимларнидир боқимандаликка ўргатиб қўяяпти.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, янги таҳрирдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, такрорий мурожаатлар билан ишлаш тартиби бироз ўзгарди. Энди бир масала бўйича қайта-қайта мурожаат қилинса-ю, бироқ амалда у қаноатлантирилган бўлса, такрорий мурожаат сифатида кўриб чиқилмайди.

Аҳолини ўйлантираётган масалалар, сарсону оворагарчиликларга сабаб бўлаётган муаммоларга ечим топилиб, одамларнинг адолатга, давлатга ишончини янада мустаҳкамлашга ҳаракат бўлаётган бир пайтда айрим кимсаларнинг арзимаган нарса юзасидан ёхуд ўз манфаатини кўзлаб такрор ва такрор мурожаат қилиши яратилган қулайликларга нисбатан беписандликдан бошқа нарса эмас.

Шундай экан, барчамизга  билдирилаётган ишончни суиистеъмол қилмайлик.  Яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришга ўрганайлик. Бу қўлимиздан келмаса, ҳечқурса ёмонлик қилмайлик, бировни ортиқча ташвишга қўймайликки, бу ҳам яхшилик қилиш билан баробар.

Мусо МУРОДОВ

"Қашқадарё" газетаси, 119-сон, 5.10.2017 йил

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  07 ноябр 2017, 18:21
Нима бщлганда хам уят уят Ўзбек халқи хеч қачон уйидаги муаммони хаттоки қўшнисига хам билдирмаган ва билдирмайди хам эркак киши мени пахтага айтди менга болалар нафақасини бермади мени .......... уят уят ва уят
Мехмон
  03 ноябр 2017, 12:32
Мавзу алмаштирилса .
Мехмон
  01 ноябр 2017, 15:43
Журналист тугри ёзган хозирги вактда уялмай эркак була туриб ёзувчиликни касб килиб олганлар купайиб кетяпти,
Мехмон
  19 октябр 2017, 21:07
Мусо Муродовнинг бармоклари
узаро тенгми ?
Укимаган, укисада укмаган одамлар доим бор булиб келган.
Укиган одамни укимаган одамлар
харакатидан юкоридаги каби
норозиланиши канчалик уринли...
Халк манашунака булади .. ... ... ....
Хамма доно булиб уз иши, уз муаммосини хал эта олганида
Президентимиз халк кабулхоналарини ташкил этиш
тугрисида фармон чикарар эдими?
Укиб олим була туриб хеч бир фойдали амал бажармай имтиёз талаб килиб,фойдаланиб юрган зиёлилар катори беш унта "нодон"
ётиб еса ебтида ... .... ....
Бутун бошли терма жамоа каби
катта харажат талаб килмагандир ....
Ёзса ёзавермайдими ... .... ....
Мана шундай холат нима учун юз бераётганини ёзиш керак эди.
Бу дунё шунака !
Хаммани яшагиси яшаганда хам яхши яшагиси келади.
Улар укимаган шу сабаб очик
ТАЬМА килишяпти ... ... ...
Мохиятан олиб каралганда у хак.
Шаклан бошкача булсада сиз ва биз хам ушалар каби эмасмизми
аслида ..... .... ....
Улар хаётидан нолиб ёзишяпти
БИЗ эса улардан. ..!!!
Мехмон
  17 октябр 2017, 13:51
Кули бор ёзади деган янги касаллик бу
Реклама