2016 йилда йўқотганларимиз
30 декабр 2016, 01:46 4609 кўрилди

Тугаб бораётган 2016 йилда Ўзбекистон илм, фани ва маданияти бир нечта арбобларидан айрилди. Ziyouz.uz ҳамда UZ24 портали ушбу йилда вафот этган ўзбекистонлик зиёлиларни хотирлади.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов (1938-2016)

alt

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1938 йил 30 январда Самарқанд шаҳрида туғилган. Ўрта Осиё политехника институти ва Тошкент халқ хўжалиги институтини муҳандис-механик ва иқтисодчи мутахассисликлари бўйича тугатган.

Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида муҳандис, етакчи муҳандис-конструктор (1961-1966) бўлиб ишлаган. 1966 йилда Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, мутахассисликдан Республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосари лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтган.

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1983 йилда Ўзбекистон ССР Молия министри, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, Республика Давлат план комитетининг раиси этиб тайинланган. 1986-1989 йиллар мобайнида Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби лавозимида ишлаган. 1989 йилнинг июнидан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби этиб сайланган.

1990 йил 24 март куни Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг сессиясида Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 29 декабрда муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти этиб сайланган.

Ислом Каримов 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. 1995 йил 26 мартда умумхалқ Референдумида Каримовнинг Президентлик ваколати 1997 йилдан 2000 йилгача узайтирилди. 2000 йил 9 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Ушбу сайловда Ислом Абдуғаниевич Каримов яна Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайланди.

1994 йили Ислом Каримовга Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги унвони берилган, шунинг билан, иқтисод, фан ва таълимни ривожланиришга қўшган улкан ҳиссаси учун ўндан ортиқ хорижий мамлакатлар университети ва академияларининг фахрий фан доктори, профессори ҳамда академлигига сайланган.

Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Қаҳрамони унвони, «Мустақиллик» ва Амир Темур орденлари билан тақдирланган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов (1936-2016)

alt

Ўзбекистон халқ шоири (1987), Ўзбекистон Қаҳрамони (1999),  драматург ва жамоат арбоби Воҳидов Эркин Воҳидович 1936 йил 28 декабрь куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факултетини тугатган (1960). «Ёш гвардия» нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1960-63; 1975-82), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир (1963-70), директор (1985-87), «Ёшлик» журнали бош муҳаррири (1982-85) бўлиб ишлаган.

Эркин Воҳидов ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти давомида “Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” бадиий рисоласи билан ўзига хос ижодий мактаб яратган.

У И. Гётенинг «Фауст» асарини, С. Есениннинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, алоҳида китоб ҳолида нашр эттирган. Бундан ташқари Ф. Шиллер, Иқбол, Улфат, Р. Ҳамзатов, Л. Украинка, А. Блок ва бошқа турли халқлар шоирлари асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.

Эркин Воҳидов асарлари чет эл (немис, француз, рус, инглиз, урду, ҳинд, араб ва б.) ҳамда қардош туркий халқлар тилларида («Олтин девор», «Сайланма», «Нидо» ва б.) нашр этилган. Асарлари («Олтин девор», «Истанбул фожиаси») Ҳамза театри, вилоят театрларида саҳналаштирилган, «Олтин девор» комедияси Покистоннинг Лахор шаҳри театрида қўйилган.

Эркин Воҳидов Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати (Ошкоралик масалалари қўмитаси раиси; 1990-95); 1995 йилдан Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати ва Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси бўлган.

Эркин Воҳидов «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (1997). Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1983) эди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов (1941-2016)

alt

Абдулла Орипов (1941.21.3 — Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғи – 2016.5.11 – Хьюстон, Техас штати, АҚШ) — шоир ва жамоат арбоби. Ўзбекистон халқ шоири (1990). Ўзбекистон Қаҳрамони (1998).

ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1963). «Ёш гвардия» (1963—69), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир (1969—74), «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1974—76), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1976—82), масъул котиб (1985—88), Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб (1982—83), «Гулхан» журналида муҳаррир (1983—85), 1996 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси (1989 йилдан) бўлиб ишлаган.

Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» сингари дастлабки шеърлари талабалик йилларида ёзилган ва ўзбек шеъриятига янги, истеъдодли, ўзига хос овозга эга шоирнинг кириб келаётганидан дарак берган. Кўп утмай, «Митти юлдуз» (1965) илк шеърлар тўпламининг нашр этилиши шеърият мухлисларида пайдо бўлган шу дастлабки тасаввурнинг тўғри эканлигини тасдиқлаган. Шундан кейин шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003), “Эзгулик” (2012) сингари шеърий китоблари нашр этилган.

Абдулла Орипов — Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг матнини ёзган (1992). У Наврўз ва Мустақиллик байрамларини ўтказиш бўйича ёзилган сценарийларнинг аксарияти муаллифи.

Данте «Илоҳий комедия»сининг «Дўзах» қисмини, А. С. Пушкин, Н. А. Некрасов, Т. Г. Шевченко, Л. Украинка, Р. Ҳамзатов, Қ. Қулиев ва М. Байжиев асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Ўз навбатида, унинг асарлари ҳам рус, инглиз, болгар, турк, украин, туркман, озарбайжон каби кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган.

1990 йилдан Ўзбекистон Олий Кенгаши, 1995 йилдан Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати бўлган. Абдулла Орипов Калифорния (АҚШ) Фан, таълим, саноат ва санъат халкаро академиясининг ҳақиқий аъзоси. Сока университети (Япония) профессорри. Ҳамза номидаги (1983) ҳамда Алишер Навоий номидаги (1992) Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари лауреати.

Академик Ғани Абдураҳмонов (1925-2016)

alt

Ўзбек тилшунослиги соҳасидаги йирик олим Ғани Абдураҳмонов 1925 йилда Фарғона шаҳрида туғилган. 1946 йили Фарғона давлат педагогика институтини тугатганидан сўнг шу даргоҳда илмий-педагогик фаолиятини бошлаган. 1950 йилда номзодлик, 1962 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1968 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.

Илмий-педагогик ва раҳбарлик фаолиятини биргаликда олиб борган истеъдодли олим ўзининг 60 йилдан ортиқ меҳнат фаолияти давомида Фарғона давлат педагогика институти кафедра мудири ва проректори, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти сектор мудири, Фарғона давлат педагогика институти ректори, Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири, Тошкент давлат чет тиллари институти, Тошкент давлат педагогика институти ректори, Тил ва адабиёт институти бош илмий ходими, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилган.

Юртимизда тилшунослик фани соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш ишига муносиб ҳисса қўшган Ғ.Абдураҳмоновнинг ўзбек адабий тилининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган кўплаб монография, рисола ва мақолалари, унинг раҳбарлиги остида тайёрланган луғатлар кенг жамоатчиликка яхши маълум. Олимнинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.

Ғани Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби фахрий унвони, «Шуҳрат» медали билан мукофотланган.

Академик Саид Шермуҳамедов (1930-2016)

alt

Саид Шермуҳамедов 1930 йил 12 майда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида туғилган. 1948-1953 йилларда Самарқанд давлат университетида таълим олган. Ўқишни тугатиб, ушбу университет аспирантурасида таҳсилни давом эттирган. Фалсафа фанининг долзарб масалалари бўйича 1960 йилда номзодлик, 1974 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.

Саид Шермуҳамедов ўзининг 60 йилдан ортиқ меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Фанлар академиясининг фалсафа ва ҳуқуқ институти илмий ходими, илмий котиби, директор ўринбосари, республика маориф вазири, Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти директори, Ўзбекистон Миллий университетининг кафедра мудири каби масъулиятли лавозимларда самарали хизмат қилган ва юртимизда фалсафа фанига доир масалаларни илмий тадқиқ этиш, ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишида фаоллик кўрсатган.

Саид Шермуҳамедовнинг раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.

Академик Рубен Акопович Сафаров (1930-2016)

alt

Рубен Сафаров 1930 йилда Андижон шаҳрида туғилган. 1953 йили Москва юридик институтини тугатган. 1963 йилда номзодлик, 1982 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1989 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.

Ўзининг 60 йилдан ортиқ меҳнат фаолияти давомида Рубен Сафаров Андижон вилояти адлия бошқармаси ревизори, “Андижанская правда” газетаси муҳаррири, Давлат матбуот қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, “Правда Востока” газетаси бош муҳаррири лавозимларида самарали меҳнат қилган. Юртимизда тарих ҳамда журналистика соҳасини ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшган.

Рубен Сафаровнинг раҳбарлигида бир қатор фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган. Академик Р.Сафаров “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.

Академик Абдулаҳад Муҳаммаджонов (1931-2016)

alt

Абдулаҳад Муҳаммаджонов 1931 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1951 йили Ўрта Осиё давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тугатиб, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти (ҳозирги Шарқ қўлёзмалари маркази) аспирантурасида таҳсил олган. 1955 йилда номзодлик, 1977 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1989 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланган.

Абдулаҳад Муҳаммаджонов ўзининг 60 йилдан ортиқ илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар академиясининг Археология, Тарих институтлари директори, Фанлар академияси вице-президенти, Ўзбекистон Миллий университети профессори каби лавозимларда самарали меҳнат қилган, юртимизда тарих ва археология фанларининг долзарб назарий ва амалий масалаларини тадқиқ этиш, юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшган.

Абдулаҳад Муҳаммаджоновнинг халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданиятини, юртимизда шаклланган суғорма деҳқончилик анъаналарини археологик жиҳатдан ўрганишга бағишланган кўплаб китоб ва монографиялари, мақола ва рисолалари илмий жамоатчиликка яхши маълум.

Абдулаҳад Муҳаммаджонов раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.

Ёзувчи Эркин Усмонов (1952-2016)

alt

Эркин Усмонов 1952 йил 10 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат чет тиллар институтини тугатган (1978).

Қурилишда, Ёшлар театрида, «Ўзбектелефильм» студиясида ишлаган. «Мосфильм» қошидаги махсус кавалерия—кино полкида ҳарбий хизматни ўтаган. Қарийб йигирма йил мобайнида Ўзбекистон Радиосининг адабий-драматик эшиттиришлар Бош таҳририятида турли вазифаларда ишлаган. У Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси эди.

Унинг «Гунафша» (1981), «Ўғилдан совға келди» (1984), «Олам нурга тўлади» (1987), «Кулишгани келдик», «Дилингда дардинг бўлса», «Ёстиқдек китобдан уч саҳифа» (1989), «Ҳайратларга тўла дунё» (1995), «Қатортол томонларда» (2007), «Ажал хиёбони» (Сайланма, 2008) сингари ҳикоя ва қиссалари нашр этилган. Шунингдек, у «Онагинам», «Юк кўтарган одам», «Гулливерлар», «Аёл кишининг бахти» каби қисса ва ҳикоялар асосида телевизон ва радиоспектакллар муаллифи ҳамдир.

Карел Чапек, Грин, Паустовский, Анор каби адибларнинг асарларини рус ва инглиз тилларидан ўзбек тилига таржима килган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мелис Абзалов (1938-2016)

alt

Мелис Абзалов 1938 йил 18 ноябрда Янгийўлда таваллуд топган. Абзалов 1961 йил Тошкент давлат санъат институтини тугатган. 1962 йил «Ўзбекфильм»да ишлашни бошлаган. 1961—1962 йиллар Ёш томошабинлар театрида актёр бўлиб ишлаган. 1962—1965 йиллар «Ўзбекфильм» киностудиясида режиссёр ассистенти, кейинчалик режиссёр ва актёр, 1989 йилдан «Ватан» киностудиясининг бадиий раҳбари бўлиб фаолият юритган.

Абзалов актор сифатида Абдулла («Еттинчи ўқ»), Оллоёрбой («Инсон қушлар ортидан боради»), Эшон Зайнулло («Қўқон воқеаси»), Қорашоҳ («Арслоннинг саргузаштлари») ва бошқа образларни яратган. Режиссёр сифатида «Чинор остидаги дуэл», «Суюнчи», «Келинлар қўзғолони», «Армон», «Майсаранинг иши», «Кўзларим йўлингда», «Ўтган кунлар», «Чимилдиқ» каби фильмларни ишлаган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Қосимов (1953-2016)

alt

Бахтиёр Қосимов 1953 йилда актёр ва режиссёр Неъмат Қосимов ҳамда ўқитувчи Сара Қосимовалар оиласида дунёга келган.

У 30 дан ортиқ фильмларда рол ўйнаган. Улар орасида «Тўйлар муборак» (1978), «Ёдгор» (2003), «Ўзимдан ўзимгача» (2009), «Аросат» (2009), «Уқубат» (2009), «Жасур» (2011), «Паризод» (2012), «Сардор-3» (2012), «Боғ» (2013), «Гумроҳлар» (2014), «Фарёд 2» (2014) ва «Ҳаётда…» (2015) каби машҳур фильмлар бор.

Сухандон Абдумўмин Ўтбосаров (1960-2016)

alt

Ўтбосаров Абдумўмин Абдумажитович 1960 йилнинг 24 апрелида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, олий тоифали диктор.

Абдумўмин Ўтбосаров Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон» телерадиоканали диктори сифатида фаолият кўрсатган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Таваккал Топволдиев (1934-2016)

alt

Т.Топволдиев 1934 йил 10 сентябрда Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида ишчи оиласида туғилди. 1957 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини муҳандис-гидротехник мутахассислиги бўйича тамомлади. Кўп йиллар давомида Андижон вилояти суғориш тармоқлари тизимида самарали меҳнат қилди. 1965-1985 йиллар мобайнида Бўз, Улуғнор, Жалақудуқ туманларида биринчи раҳбар лавозимида фаолият кўрсатди. 1985-1996 йилларда Андижон вилоятида турли масъул вазифаларда ишлади. 1996 йилдан умрининг охирига қадар Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси Андижон вилояти бўлими раиси бўлиб хизмат қилди. 

У "Дўстлик" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан мукофотланган.

Актёр Нодир Саидалиев (1974-2016)

alt

Нодир Саидалиев 1979 йили таваллуд топган. Актёр сифатида у "Дев ва пакана" фильмида, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг "Муҳаббат", хонанда Жаҳонгир Позилжоновнинг "Бақалоқ" қўшиғига олинган клипдаги роллари билан томошабинларга яхши таниш эди.

Хонанда Шаҳнозабону (1974 - 2016)

alt

Хонанда Шаҳноза Йўлдошева (Шаҳнозабону) 1974 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Унинг “Қизалоғим”, “Дўст”, “Қизғонаман” номли қўшиқлари оммалашган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Шахноза
  03 янвuary 2017, 16:47
Ўтганларимизни жойлари жаннатдан бўлсин, охиратлари обод бўлсин.
Реклама