VII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси очилди
30 октябр 2013, 15:09 1401 кўрилди

altСаноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси икки босқичда ўтказилмоқда. 2013 йилнинг март-июнь ойларида ўтказилган биринчи босқичда ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркалари бўлиб ўтди. Уларда иштирок этган 3 мингдан ортиқ корхонанинг 1800 таси халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаради. Стендларда турли саноат тармоқлари учун мўлжалланган 16 мингга яқин маҳсулот намуналари намойиш этилди. Ушбу тадбирлар якуни бўйича саноат кооперацияси доирасида маҳсулот етказиб бериш тўғрисида жами қиймати 446,4 миллиард сўмлик хўжалик шартномалари тузилди. Шунинг 22,2 фоизини истеъмол товарларини етказиб бериш бўйича шартномалар ташкил этади. 224,9 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ҳозирги кузги босқичида мамлакатимизда фаолият юритаётган 1,3 мингта корхона ҳамда Германия, Италия, Буюк Британия, Латвия, Жанубий Корея, Хитой, Польша, Қозоғистон, Россия каби дунёнинг 55 мамлакатидаги компания ва фирмаларнинг мингдан ортиқ вакили қатнашмоқда. Етакчи саноат тармоқлари, улар учун инновация лойиҳалари ишлаб чиқадиган илмий институтлар ҳамда истиқболли кичик корхоналарнинг 60 дан ортиқ марказлаштирилган тақдимот маросимларини ҳам ўтказиш режалаштирилган.

 

Шархлар