Қашқадарё туризм соҳасини ривожлантириш дастури қабул қилинди
06 ноябр 2013, 15:43 3225 кўрилди

alt

Унга кўра яқин икки йил ичида ҳудуднинг саёҳлик салоҳиятини оширишга қаратилган кенг чора-тадбирлар амалга оширилади, деб ёзади GoUzbekistan.uz нашри.

Дастурга мувофиқ Қашқадарёда амалга оширилиши кутилаётган чора-тадбирлар:

- Ноёб тарихий-маданий мерослардан самарали фойдаланиш учун қулай шароит яратиш, тарихий архитектура ёдгорликларини сақлаш ва реставрация қилиш, қўшимча хизмат кўрсатиш объектларини қуриш, мавжудларини янгилаш, транспорт инфраструктурасини ривожлантириш, сайёҳлар ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш;

 

- Сайёҳларни жалб қилиш тадбирларини фаоллаштириш, янги меҳмонхоналар, ресторан ва умумий овқатланиш пунктларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, туризм соҳасида кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

 

- 20 дан зиёд сайёҳлик автобусларини сотиб олиш, Қашқадарё аэровокзалида йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун бизнес-зал ташкил қилиш, шунингдек, “Китоб” темир йўл станцияси биносини таъмирлаш;

 

- Вилоятнинг турли нуқталарида 30 дан зиёд янги отелларни қуриш, мавжудларини таъмирлаш орқали мехмонлар учун жойларни икки бараварга ошириш;

 

- Қашқадарёнинг асосий сайёҳлик масканлари – Шахрисабз ва унга туташ тоғли районларда (Яккабоғ, Китоб ва Шахрисабз), тарихий туризмдан ташқари, экологик ва қишлоқ туризмларини ривожлантириш, Қарши шаҳри ва Қарши туманида маданий-маърифий туризм салоҳиятидан кенгроқ фойдаланиш;

 

- Туристларга банк хизматини кўрсатишни яхшилаш мақсадида аэропорт, темир йўл вокзали, меҳмонхона, ресторан ва бошқа туристик объектларга банкоматлар ва терминалларни ўрнатиш;

 

- Яратилаётган «VisitKashkadarya» портали орқали вилоят сайёҳлик брендини оммавийлаштириш ва тарғиб қилиш;

 

- Экотуризмни кенгайтириш мақсадида Миришкор туманидаги Ачинкўл қирғоғида ноёб объект - «Биологик қўриқхона» ташкил этиш;

 

- Яккаобод тумани Хўжаилғор қишлоғида Амир Темур оиласи тарихи ва унинг болалик даврларидан сўзловчи ноёб экспонатлар музейини ташкил этиш, Самарқанд- Шахрисабз автомагистралида оромгоҳлар, қишлоқ туризми объектлари, ҳунармандчилик устахоналаридан иборат сайёҳлик мажмуаларини қуриш;

 

- Мингчинор қишлоғида тоғ-чанғи базаси ва осмайўл барпо этиш, Ҳисор ва Китоб давлат геология қўриқхоналарига сайёҳларни таклиф қилишни ўрганиб чиқиш;

 

- Шахрисабзга келган туристларни электромобилда машҳур сайёҳлик объектлари бўйлаб саёҳатга олиб чиқиш, 2014 йилнинг июнь ойига қадар Оқ Сарой, Дорус-Саодат ва Дор-ут Тиловат тарихий ёдгорликлари бўйлаб 4та электромобил ҳаракатини йўлга қўйиш;

 

- 2014 йил охиригача Хўжақудуқ қишлоғида даволаш ва соғломлаштириш мажмуасини қуришни тугатиш, сайёҳларни туяларда ушбу ҳудуд бўйлаб экскурсияга олиб чиқиш;

 

«Ўзбектуризм» МК прогнозларига кўра, Дастурни амалга ошириш билан 2016 йилга бориб (2012 йил билан солиштирганда) хорижий сайёҳларнинг оқими 1,4 мартага кўпаяди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра дастур ижросини таъминлаш учун $101 млн.дан зиёд маблағ сарфланади.  

 

Шархлар
Реклама