Тошкентда "SportWorld Uzbekistan – 2013" кўргазмаси очилди (ФОТО)
20 ноябр 2013, 15:23 3556 кўрилди

alt

"SportWorld Uzbekistan – 2013" кўргазмасида олдингилардан фарқли равишда нафақат мамлакатимиз, балки хорижий ишлаб чиқарувчилар стендлари ҳам намойиш этилмоқда. Бундан ташқари, спорт турларини оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳам иштирок этмоқда. Ўттиздан зиёд экспонент ўз маҳсулотларини «Спортинвентарь», «Спорт ускуналари», «Спорт тренажёрлари», «Спорт хизматлари ва фитнес» каби турли бўлимларда намойиш этмоқда.

«Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси стендида соҳа корхоналарида ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги спорт кийимлари тақдим этилган.

alt

Турли гимнастика ва бокс анжомлари, теннис столлари, мини-футбол дарвозалари, гантель ва бошқа спорт товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган Самарқанддаги “Стеклопластик” корхонасининг  стенди катта майдонни эгаллаган.

alt

“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ўз таркибига кирадиган корхоналарда ишлаб чиқарилаётган спорт товарлари билан қатнашмоқда. Велосипед ва бошқа спорт маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган “Автосанкомплект” масъулияти чекланган жамияти, эспандер, бутса, боксчилар капаси, бадминтон тўрлари, спорт оёқ кийимлари ишлаб чиқарадиган “Ўз Донг Жу Пэинт Ко” қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти шулар жумласидан.

alt

“Ўз Донг Янг” қўшма корхонаси баландликка сакраш мосламалари, спорт сумкалари, машғулот манекенлари ва турли бокс анжомларини намойиш этмоқда. «Uz-Koje» масъулияти чекланган жамияти эса футбол, гандбол, стол тенниси ва катта теннис тўрлари, “Ўз Минда” масъулияти чекланган жамияти секундомер, шахмат соатлари, ҳар хил спорт  турлари учун мўлжалланган ҳисоб ва вақтни кўрсатувчи табло, «Ўз Тонг Хонг Ко» қўшма корхонаси турли тўплар, спорт тренажёрлари тўплами ва бошқа товарларни намойиш этмоқда.

alt

Фото: Сарвар Ўрмонов (ЎзА)

Шархлар