Тошкентда Ўзбекистон-Латвия бизнес форуми бўлиб ўтди
13 ноябр 2013, 18:10 1625 кўрилди

alt

Ушбу тадбир Ўзбекистон – Латвия савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалаларига бағишланди. Унда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, транспорт ва транспорт коммуникациялари, логистика, банк-молия, таълим, озиқ-овқат, сайёҳлик, фармацевтика, тўқимачилик каби соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

 

Форумда латвиялик ишбилармонларга мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя жалб этишнинг муҳим йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Меҳмонлар юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар самаралари, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ва “Ангрен” махсус индустриал зонасида сармоядорлар учун яратилган қулайлик, имконият ва имтиёзлар билан атрофлича таништирилди.

 

Анжуманда икки мамлакат ўртасида савдо, иқтисодиёт, сармоя, транспорт ва логистика, темир йўл, тўқимачилик, озиқ-овқат каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, Латвия компанияларини мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнига кенг жалб этишга оид масалалар муҳокама қилинди.

 

Бизнес-форум якунида Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Латвия ишбилармонлари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди. Унда Латвия ишбилармонлари ўзбекистонлик шериклар билан биргаликда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олдилар.

 

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилда Ўзбекистон ва Латвия ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиз ўсиб, 246 миллион АҚШ долларидан ошди, 2013 йилнинг январь-июнь ойларида эса 126 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Ўзбекистонда Латвия сармояси иштирокида тузилган 22 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Латвияда эса мамлакатимиз компаниялари билан ҳамкорликда ташкил этилган 40 дан ортиқ корхона ишлаб турибди.

 

Ўзбекистон Латвияга юқори сифатли пахта толаси, мотор мойлари, фармацевтика маҳсулотлари ва бошқа товарлар етказиб беради. Латвия мамлакатимизга ускуналар, транспорт воситалари, пластмасса экспорт қилади, шунингдек, логистика хизмати кўрсатади.

 

Манба: ЎзА

Шархлар