Наманганда қоғоз ишлаб чиқарадиган «Ўзбекистон – Германия – Вьетнам» қўшма корхонаси ишга туширилади
30 октябр 2013, 17:03 1229 кўрилди

altКорхонада ёзув, офсет ва енгил картон қоғозлари каби импорт ўрнини босадиган ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 1,9 миллиард сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Йил охиригача бу кўрсаткични 2,5 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган. Бир квадрат метри 65 граммдан 130 граммгача бўлган ёзув ва матбаа ҳамда енгил картон қоғози ишлаб чиқарадиган бундай корхона нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.

«Наманган қоғози» масъулияти чекланган жамияти фаолиятини тиклаган дастлабки йилда 60 киши иш билан банд бўлган бўлса, ўтган йилларда амалга оширилган модернизация ишлари натижасида ишчилар сони 100 нафарга етди.

Айни кунларда корхонада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, маҳсулот тури ва сифати, ишлаб чиқариш ҳажми ва экспорт салоҳиятини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Наманган вилоят ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар кўмагида корхонани ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳа устида иш олиб борилмоқда, – дейди «Наманган қоғози» МЧЖ директори Юнусжон Содиқов. – Лойиҳага кўра, Германиядан қоғоз саноати вакиллари, НSBC банкининг Франциядаги бўлими ва Гонгконгдаги «China International Selfless Foundation Group» (CISFG) билан ҳамкорликда «Наманган қоғози» масъулияти чекланган жамияти негизида «Ўзбекистон – Германия – Вьетнам» қўшма корхонасини ташкил этиш кўзда тутилган.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши йилига 40 минг тонна ёки 150 миллиард сўмлик ёзув ва офсет қоғози ишлаб чиқариш, тайёр маҳсулотнинг 30 фоизини экспорт қилиш ҳамда корхонада қўшимча юзга яқин янги иш ўрни яратиш имконини беради, деб хабар беради ЎзА.

Шархлар