Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби соддалаштирилди
07 ноябр 2017, 09:29 1196 кўрилди

alt

6 ноябрь куни Президент “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Қарорда хўжалик юритувчи субъектларнинг мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиши тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, жисмоний шахслар томонидан уларнинг ишлаб чиқарилишини рағбатлантириш назарда тутилди. 

Давлат раҳбарининг қарори билан тадбиркорлик субъектларига экспорт контракти тузмасдан уларнинг тўлови ва етказиб берилиши бўйича шартларга риоя қилган ҳолда инвойс асосида мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини амалга ошириш ҳуқуқи берилди, бу халқаро амалиётга мувофиқдир, дейилади ҳужжат шарҳида. 

Қарор билан божхона органлари томонидан экспорт қилинаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг табиий йўқотиш нормативини ҳисобга олиш тартиби мавжуд эмаслиги билан боғлиқ бошқа муаммоли масала ўз ечимини топди. Ҳисобга олинмаган табиий йўқотиш асоссиз дебитор қарздорлик юзага келишига, тегишлича, келиб тушмаган валюта маблағларининг 70 фоизига қадар миқдорда жарима қўлланилишига олиб келган. 

Бундан келиб чиққан ҳолда, қисқа муддатда экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва сотишда табиий йўқотиш нормативлари, шунингдек, уларнинг фактура қийматига тузатишлар киритиш тартибини белгилаш топширилди. 

Кейинчалик экспорт қилиш учун фуқаролардан мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олиш билан шуғулланадиган юридик шахсларнинг фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча қулай шарт-шароитлар назарда тутилди. 

Хусусан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар келгусида жисмоний шахслар томонидан маҳсулотларнинг етиштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қилмасдан қўлланилиши белгиланмоқда. Агар экспорт қилувчида олдин амалга оширилган экспортга етказиб бериш бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжуд бўлса, фақат муддати ўтган дебитор қарздорликка йўл қўйган чет эл харидорига товарларни чиқариш рухсат этилмайди. 

Шу билан бир қаторда, қарор билан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига божхона юк декларациясини расмийлаштириш кўрик ҳужжати тузилганидан кейин 3 соатдан кўп бўлмаган муддатда амалга ошириладиган тартиб жорий этилди. 

Мева-сабзавот ва тез бузиладиган маҳсулотларнинг экспорти учун зарур бўлган сертификат бериш муддати экспорт қилувчи томонидан ҳужжатлар тақдим қилинган вақтдан бошлаб бир иш кунига қадар қисқартирилди. 

Амалдаги импорт божхона божлари, акциз солиғи ва йиғимлар ставкалари, шунингдек, хорижий мамлакатлардаги санитария нормаларини танқидий ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси мева-сабзавот маҳсулотларининг савдоси ва экспорти соҳасидаги халқаро шартномалари инвентаризациядан ўтказилади. Унинг якунлари бўйича янги халқаро шартномалар тузиш ва амалдагиларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар тайёрланади. 

Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини ривожлантириш бўйича қайд этилган чора-тадбирлар билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ишчи гуруҳ ташкил этилди ва унга 2018 йил 1 февралга қадар миллий божхона тартиб-таомиллари ва экспорт-импорт операцияларини халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш бўйича қўшимча таклифлар тайёрлаш ва Ҳукуматга киритиш вазифаси юклатилди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  07 ноябр 2017, 12:58
яна ички бозор кимматлашар эканда ойлик иш хаки уртача 70$ булса керак
Реклама