Куала-Лумпурда Ўзбекистоннинг инвестицион потенциали намойиш этилди
30 сентябр 2013, 19:44 758 кўрилди

altСавдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган форум ва Ўзбекистоннинг инвестицион ва иқтисодий потенциали Малайзия бирлашган хитой савдо-саноат палатаси кўмагида Малайзия инвестицияларни ривожлантириш Дирекцияси (MIDA) билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг дипломатик миссияси томонидан ташкил этилди.

«Жаҳон» ахборот агентлигининг хабар беришича, унда ўзбек ва малайзия корхоналарининг вакиллари, MIDA, Малайзия тадбиркорлар ва саноатчилар ассоциацияси, Малайзия аёл-тадбиркорлар Халқаро ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси қатнашди. Тақдимотда чет эллик тадбиркорлар учун «Навои» ЭИИЗ, «Ангрен» ва «Жиззах» ЭИЗларида яратилган инвестицион имкониятлар ва преференциявий шароитлар ҳамда инвесторлар ва улар капиталининг қонуний гаровлари намойиш этилди.

Тингловчилар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури бўйича тақдим этиладиган солиқ, бож имтиёзлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида маълумотга эга бўлди.

Бизнес-форум доирасида учрашувлар ташкил этилиб, унда малайзия ва ўзбек ишбилармонлари нефткимёвий маҳсулотлар, электроника, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан муҳокама ўтказдилар.

Малайзиялик ишбилармонлар Ўзбекистон бизнес юритиш учун яхши шароитлар тақдим этаётганини, бунда эркин индустриал иқтисодий зоналарида преференциявий шароитлар асосий бўғим бўлаётганини таъкидлади.

 

 

Бизнес-форум якуни бўйича Ўзбекистон ҳунармандлар ассоциацияси вакиллари халқ амалий санъати буюмлари кўргазмасини ўтказдилар.

Шархлар
Реклама