Кам таъминланган оилаларга микрокредитлар ажратилади
02 ноябр 2017, 17:44 1600 кўрилди

alt

Вазирлар Маҳкамаси Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган “Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги низомни тасдиқлади.

Ушбу низомга асосан тижорат банклари муайян меҳнат турлари билан шуғулланиш истагида бўлган кам таъминланган оилаларга уларнинг оилаларини етарли даражада таъминлаш имконини берадиган имтиёзли шартлар асосида микрокредитлар ажратиб боради.

Микрокредитлар қарз олувчиларга тикув машиналари, матолар ва бошқа cарф материаллари, косибчилик фаолияти учун инвентарлар, маиший, компьютер ва бошқа техникалар, шунингдек, меҳнат билан бандликни таъминловчи бошқа асбоб-ускуналар харид қилиш, шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш (кичик иссиқхоналар барпо этиш, чорва моллари, парранда сотиб олиш, оғилхона ва товуқхона қуриш, боғдорчилик инвентарлари ва асбоблари харид қилиш мақсадлари учун) энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдоригача йиллик 4 фоиз ставкада ажратилади.

Микрокредитлар қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз, олти ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади.

Қарз олувчилар ариза билан биргаликда микрокредитлар қайтарилишининг таъминоти сифатида банкка мол-мулк гарови, тижорат банки ёки суғурта компанияси кафолати, учинчи шахс кафиллиги, суғурта полисидан бирини, шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш мақсадида сўралган ҳолларда эса томорқа участкаси мавжудлигини тасдиқловчи ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан берилган маълумотномани тақдим этадилар.

Қарз олувчилар микрокредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни нақд пулда, банк пластик карточкалари орқали ёки қарз олувчининг омонат ҳисобварағидан пул ўтказиш йўли билан тўлаши мумкин.

Олинган микрокредитдан бошқа мақсадда фойдаланилгани аниқланган ҳолларда банк кредит шартномасида белгиланган тартибда микрокредитнинг мақсадсиз ишлатилган қисмини қарз олувчидан муддатидан олдин ундириб олиш ҳуқуқига эга.

Кам таъминланган оилаларнинг рўйхати Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан тузилади. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Firdavsbek
  02 ноябр 2017, 18:51
Хамма хужжатиз тайёр бўлиб хам шундай борганиздан банк ходимлари лиминт йўқ ёки бошқа бахоналар билан ортизга қайтариб юборовради.Кредит бўлимидагилар борсик қайрилиб қараш у ёғда турсин гаплашгисиям келмиди.ман бировни қораламоқчи эмасман бошимдан ўтганини айтибман халос.
Реклама