«Ўзбеккўмир» йил охиригача учта инвестиция лойиҳасини амалга оширади
05 сентябр 2013, 11:43 867 кўрилди

altЎзАнинг хабар беришича,  жорий йилда «Шарғункўмир» очиқ акциядорлик жамиятида эскирган ускуналар модернизация қилиниб, алмаштирилади, “Ўзбеккўмир” очиқ акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш қувватларига ёрдам кўрсатиш ва темир йўл хўжалигини янгилаш ишлари давом эттирилади. Марказлаштирилган диспетчерлик назорати ва ишлаб чиқаришни бошқариш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизими барпо этилади. 2014 йилдан янги Апартак кўмир кони қурилиши бошланади ва 2016 йилда ниҳоясига етказилади.

Дастур умумий қиймати 555,2 миллион АҚШ долларига тенг тўққизта лойиҳани ўз ичига олган. Мазкур лойиҳалар Кўмир тармоғини техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва модернизациялаш жамғармаси маблағлари, “Ўзбеккўмир” очиқ акциядорлик жамиятининг ўз маблағлари, шунингдек, тижорат банклари кредитлари ҳисобидан молиялаштирилади.

«Шарғункўмир» очиқ акциядорлик жамияти корхоналарини янгилаш, техника ва махсус ускуналар харид қилиш учун 334 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилади. “Ўзбеккўмир” очиқ акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш қувватларини қайта тиклаш, транспорт инфратузилмасини реконструкция қилиш учун эса 100 миллион доллардан зиёд маблағ ажратиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, янги кўмир конлари қуриш ва геология-қидирув ишларини амалга ошириш мўлжалланган.

Мухтасар айтганда, истиқболли инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши Ўзбекистон кўмир саноатини янги ривожланиш босқичига кўтаради, унинг ишлаб чиқариш салоҳиятини оширади, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини қаттиқ ёқилғи билан барқарор ҳамда узлуксиз таъминлаш имконини беради.

Маълумот ўрнида, 2013 йилнинг дастлабки олти ойида кўмир саноати корхоналари томонидан 2 миллион 67 минг тоннадан зиёд кўмир қазиб олинди. Бу тармоқдаги прогноз кўрсаткичларидан анча юқоридир.

 

 

Шархлар
Реклама