Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди
31 октябр 2013, 15:13 856 кўрилди
altТадбирда Ўзбекистон ва Хитойнинг ташқи иқтисодий алоқалар, молия, савдо-саноат, сармоя, иқтисодиёт, энергетика, хавфсизлик, фан ва техника, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва транспорт коммуникациялари, маданият каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Рустам Азимов Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил июнь ойида Хитойга расмий ташрифи ҳамда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг жорий йилнинг сентябрь ойида мамлакатимизга давлат ташрифи ўзаро муносабатларни янги мазмун билан бойитиб, барча соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон билан Хитой ўртасида иқтисодий соҳада энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2012 йилда 3,4 миллиард АҚШ долларига етди. Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, мазкур кўрсаткич 2,3 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 59 фоиз кўпдир. Ўзбекистонда Хитой сармояси иштирокида тузилган 455 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 70таси юз фоиз Хитой сармояси асосида ташкил этилган. Юртимизда Хитойнинг 71 компанияси ваколатхонаси ишлаб турибди.
Музокарада қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сармоявий, молиявий ва техникавий ҳамкорлик, тадбиркорлик субъектларининг бевосита алоқаларини рағбатлантириш, энергетика, хавфсизлик, маданият, фан ва техникага оид масалалар муҳокама қилинди.
 
Шархлар
Реклама