Қуёш энергияси институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари қабул қилинди
02 октябр 2013, 17:27 2047 кўрилди
altЎзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 1 мартдаги «Халқаро қуёш энергияси институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ижросини ҳамда Халқаро қуёш энергияси институти фаолиятининг самарали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида қабул қилинган мазкур ҳужжатда қайд этилишича, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан Тошкент шаҳрида Халқаро қуёш энергияси институтини ташкил этиш учун умумий суммаси 3,0 млн АҚШ доллари бўлган беғараз техник кўмак берилган.
 
Институт кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва «Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компаниясининг таклифига кўра, мазкур Институт масъулияти чекланган жамият шаклидаги мустақил юридик шахс сифатида таъсис этилади. 
 
Институтнинг дастлабки муассислари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси (51%) ҳамда «Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компанияси (49%) ҳисобланади.  
 
ФА устав фондидаги Тошкент шаҳри, Бодомзор йўли кўчаси, 2«Б», 2-корпус манзилида жойлашган бинони институтга беради. «Ўзбекэнерго» ДАК эса уни пул маблағлари, асбоб-ускуналар ва бошқа зарур мол-мулк билан таъминлайди. 
 
Келгусида Институт муассислари таркибига, Институтнинг устав фондини тегишли равишда кўпайтирган ҳолда, халқаро ва хорижий ҳукумат ташкилотлари, молиявий институтлар, жамғармалар, илмий марказлар ва тадқиқот марказлари, инвесторлар, корхоналар ва бошқа манфаатдор тузилмалар ҳам кириши мумкин.
 
Институт биносини реконструкция қилишда «ТошуйжойЛИТИ» ОАЖ бош лойиҳалаш ташкилоти, «BITI - Production» МЧЖ эса бош пудрат ташкилоти этиб белгиланди. Буюртмачи ва бош лойиҳалаш ташкилоти 2014 йил 1 февралгача Институт биносини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши зарур. 
 
«Ўзбекэнерго» ДАК Институт биносини реконструкция қилиш ҳамда илмий-лаборатория ускуналари, приборлар, мебеллар ва ташкилий техника билан жиҳозлаш ишларини бажариш учун зарур маблағлар ажратади. 
Шархлар
Реклама