2017 йилнинг январь-октябрь ойларида истеъмол баҳолари индекси бўйича ҳисобланган инфляция даражаси 9,3 фоизни ташкил этди
04 декабр 2017, 14:15 568 кўрилди

alt

Ўзбекистон Марказий банки 2017 йилда пул-кредит соҳасида амалга оширилган ишлар таҳлили ва йил якуни бўйича кутилаётган натижалар ҳақида маълумот берди. Унда инфляция бўйича шундай дейилади:

"Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2017 йилнинг январь-октябрь ойларида истеъмол баҳолари индекси бўйича ҳисобланган инфляция даражаси 9,3 фоизни ташкил этди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида кузатилган иқтисодиётни кредитлаш ва пул массаси ҳажмлари ҳамда валюта курси девальвациясининг тез суръатларда ошиши иқтисодиётда юқори инфляцион босим юзага келишига асосий сабабларидан бўлди.

Шунингдек, мазкур даврда инфляция даражасига монетар омиллар билан билан бир қаторда анъанавий мавсумий ва таклиф омиллари ҳам сезиларли таъсир кўрсатди.

Инфляциянинг маҳсулотлар гуруҳлари бўйича таркибида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари хизматларга нисбатан юқорироқ суратларда ўсди.

Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи бўйича нархлар ўртача 9,4 фоизга ўсиб (2016 йилда 2,5 фоизга пасайган), умумий инфляция даражасига таъсири 4,1 фоизни ташкил этди.

Ушбу гуруҳ маҳсулотлари таркибида мол, қўй ва парранда гўшти ҳамда шакар нархларининг сезиларли ўсиши, шунингдек, мавсумий характердаги омиллар таъсирида айрим турдаги мева-сабзавотлар нархларида юқори ўзгариш кузатилди.

Шу билан бирга, айрим озиқ-овқат товарлари нархларининг тез суръатларда ошиши ушбу маҳсулотлар ишлаб чиқариш ёки ҳосил ҳажмларининг турли сабабларга кўра (касаллик, зараркунандалар ва бошқалар) кўзда тутилган даражаларда бўлмаганлиги туфайли 2016/2017 йил қиш-баҳор мавсумида уларнинг ички бозордаги таклиф ҳажмининг нобарқарорлиги билан изоҳланади.

Маълум бир турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт ҳажмларининг сезиларли даражада ўсиши натижасида ушбу маҳсулотларни ички бозорда таклифи ҳажмининг қисқариши кузатилди. Хусусан, январь-август ойларида сабзи экспорти 3 мартага, олма экспорти 2,3 мартага, помидор экспорти 1,4 мартага ортди. Бундан ташқари, жорий йилда тухум экспортининг йўлга қўйилиши ҳам ички бозорда унинг нархини 10 фоизга ошишига таъсир қилувчи омиллардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи бўйича нархлар 10,3 фоизга (2016 йилнинг мос даврида ўсиш 7,2 фоиз) ошиб, умумий инфляцияга таъсири 3,7 фоизни ташкил этди. Хусусан, кийим-кечаклар нархи 10,9 фоизга, пойабзал нархи 10,2 фоизга, қурилиш моллари 10,7 фоизга,асосий маиший маҳсулотлар 11,5 фоизга, ювиш ва тозалаш воситалари 11,2 фоизга, маданий моллар 9,5 фоизга, алоқа воситалари 10,7 фоизга қимматлашди. Ушбу нархларнинг ошишига асосан валюта курсининг юқори суръатлардаги девальвацияси ҳисобига импорт нархларининг ўсиши таъсир қилди.

Хизматлар тарифларининг 7,2 фоизга ошиши (2016 йил январь-октябрда ўсиш 9,6 фоиз) умумий инфляция даражаси ўсишининг 1,5 фоизига таъсир қилди. Бунда, уй-жой коммунал хизматлар 6,8 фоизга, йўловчи ташиш транспорти хизмати 6,9 фоизга, шу билан бирга темир йўл транспорти 17,7 фоизга, ҳаво транспорти 48,2 фоизга, алоқа хизмати 23,8 фоизга, мактабгача таълим хизмати 8,3 фоизга ошди.

Жорий йилда юзага келган нархлар динамикасини инобатга олиб, йил якуни бўйича инфляция даражаси 12-14 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда".

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Шархлар
Мехмон
  06 декабр 2017, 14:07
яна ёлгон 19000 сумлик гушт 32000 сумга чикди 1500 сумлик ун 2200 сумга чикди писта ёг 6000 сум эди 8000 сумга чикди Давлат статистика қўмитаси давлатга ишлайди халкга эмас умуман шу кумитани кераги йук
Реклама