Тошкент Мода ҳафталиги бошланди
14 ноябр 2017, 16:02 307 кўрилди

alt

14 ноябрдан 19 ноябрга қадар Тошкентда мода ҳафталиги  бўлиб ўтади. Ҳафталик доирасида «Миллий либослар» фестивали, Tashkent Fashion Performance, #beyoung (ёш дизайнерлар танлови) ҳамда маҳаллий ва хориж дизайнерларининг муаллифлик намойишлари, ўзбек миллий матолари ва амалий санъат нуманалари кўргазмаси ташкил этилади. Бу ҳақда бугун Ёшлар ижод саройида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тошкент мода ҳафталигида илк бор «Италия модасига 60 йил» номли кўргазма ўтказиш кўзда тутилган. Кўргазма Италия услуби ва модасининг тарихи ва ривожланишига бағишланган бўлиб, унда 1950 йилдан то бугунги кунга қадар Италия тикувчилари ва машҳур дизайнерлари томонидан яратилган тарихий либослар ва аксессуарлар намойиш этилади.

Шунингдек, ҳафталик давомида «Италия модаси куни» ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда Antonio Grimaldi, Fulvio Luparia каби машҳур дизайнерлари, Турин мода ҳафталиги қатнашчилари ва дизайнерларининг ҳам коллекциялари намойиш этилади.

Бундан ташқари, мода ҳафталиги доирасида илк бор Ўзбекистон дизайнерлари томонидан “Buxoro Brilliant Silk” Қўшма корхонаси билан ҳамкорликда шойи матоларидан ишлаб чиқилган турли ассортиментдаги замонавий либослар тўпламлари тақдим этилади.

Мода ҳафталиги доирасида жами 850 тага яқин либослар комплекти намойиш этилиши режалаштирилган.

Мазкур мода ҳафталиги Ўзбекистон мода индустриясида энг муҳим воқеалардан бири бўлиб, унинг бош мақсади ўзбек модасини тарғиб қилиш, ёш дизайнерларнинг ижодий имкониятларини ривожлантириш, янги номларнинг намоён бўлиши, ёш дизайнерлар учун кенг истиқболнинг очилиши, профессионал муҳитнинг шаклланиши, халқаро мода индустриясини халқаро алоқаларини кенг доирасини яратишдир. Мода ҳафталиги профессионал дизайнерларга ва «Мода уйлари»га ўз либосларини намойиш қилиш ва мухлисларга мода дунёсида ривожланиш тенденцияси бўйича маълумотларни олиш имкониятини беради.

Тошкент мода ҳафталиги дастури қуйидаги тадбирларни  ўз ичига олади:

•             #beyoung  – ёш дизайнерлар танлови;

•             Ўзбек ва хориж дизайнерларининг муаллифлик намойишлари;

•             «Миллий либослар» фестивали;

•             Tashkent Fashion Performance ;

•             «Италия модасига 60 йил» кўргазмаси;

•             Хориж ва маҳаллий етакчи дизайнерлар томонидан маҳорат-дарслари ва семинар-тренинглар;

•             Ўзбек матолари ва ўзбек анъанавий либоси кўргазмаси.

Шархлар
Реклама