Россия ва Францияда сақланаётган 5 та қадимий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхалари тантанали равишда Ўзбекистонга топширилди (ФОТО)
28 ноябр 2017, 21:41 906 кўрилди

alt

28 ноябрь куни Тошкентда “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзуида халқаро медиа-форум иш бошлади.

Ушбу халқаро анжуман Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, ЮНЕСКО ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг (Германия) мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда  дунёдаги етакчи музей, кутубхона, илмий институтлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этди.

Медиа-форумнинг биринчи кунида бўлиб ўтган муҳим тадбирлардан бири Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти ва Франция миллий кутубхонасида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони”, “Меърожнома”, “Темур тузуклари”, “Девони Ҳусайн Бойқаро”, “Равзатус-Сафо” қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари Ўзбекистонга топширилиши бўлди.

alt

alt

alt

Шунингдек, “Ўзбекистон маданий мероси” медиа-лойиҳаси доирасида чоп этилган “Шарқ ёзма ёдгорликлари дурдоналари” номли янги туркумнинг тақдимоти ўтказилди. Мазкур тўпламларнинг илк  5 жилди шу йил май ойида “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” мавзуида ўтказилган халқаро илмий-маданий конгрессда тақдимот қилинган эди.  Навбатдаги янги 5 та китоб-альбом ҳам Ўзбекистоннинг бой маданий мероси дурдоналари ҳақида ҳикоя қилади. Хусусан, 6-жилд Россиянинг М.Глинка номидаги музейида сақланаётган юртимизнинг ноёб мусиқа асбоблари ва нота ёзувларига, 7-жилд Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти ёзма мероси тўпламларидан жой олган қимматбаҳо ёдгорликларимизга, 8-жилд Санкт-Петербургдаги Давлат Эрмитажи, Давлат тарихи ҳамда Бутунроссия амалий безак ва халқ санъати музейларидаги халқимиз маданияти ва тарихи билан боғлиқ экспонатларга, 9-жилд И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейидаги маданий меросига ва 10-жилд Москва музейларида сақланаётган Ўзбекистон артефактлари коллекциясига, яъни  Давлат тарих музейи, Бутун Россия халқ амалий-безак санъати музейи ва Москва халқ санъати музейи экспонатларига бағишланган.

alt

Медиа –форумда ушбу тўпламлар дунёнинг  136 музей ва кутубхона вакилларига топширилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари эътиборига Россиянинг “Культура” телеканали томонидан тақдим этилган “Ўзбекистон: кашф этилган синоатлар” ҳужжатли фильми ҳавола этилди ҳамда Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербург шаҳри Рус адабиёти институти (Пушкин уйи) фондларида сақлаб келинаётган ўтган асрнинг 20-йилларида мамлакатимизда ёзиб олинган ноёб аудиоёзувлар "Мумтоз мусиқа кечаси"да илк бор эшиттирилди.

alt

alt

alt

“Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзуидаги халқаро медиа-форум 29 ноябрь куни ўз ишини давом эттиради.

Фотолар Медиа-форум ташкилотчилари томонидан тақдим этилди

Шархлар
Мехмон
  30 ноябр 2017, 18:59
албатда нима учун асл нусхалари эмас
Мехмон
  29 ноябр 2017, 17:55
Нима учун асл нусхалари эмас ,ахир бу китоблар бизнинг тарихимизку.
Реклама