Ўзбекистонда илк бор ташкил этилаётган йирик лойиҳа — Аrt House ёшларга нима беради?
11 ноябр 2017, 22:09 1092 кўрилди

alt

11 ноябрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Ёшлар пресс-клуби залида Ёш киноижодкорлар кенгашининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Mаросимда Кенгашнинг энг йирик лойиҳаси бўлган “Art House” ҳақида маълумот берилди ва саҳнага лойиҳанинг биринчи фаслида фаолият олиб борадиган режиссёрлар Жаҳонгир Қосимов, Рашид Маликов, Рустам Саъдиев, Ёлқин Тўйчиев, Аюб Шаҳобиддинов  таклиф этилди. Улар лойиҳанинг аҳамияти ҳақида гапириб, ёш киноижодкорларга ўзларининг актёр, оператор, драматурглардан иборат бўлган гуруҳларини таништириб ўтишди.

Аrt House” ёшларга нима беради?

Лойиҳа номининг мазмуни. Энг зукко ва зийрак томошабин учун суратга олинган фильм.

Лойиҳа мақсади. Ёшлар иштирокида ижтимоий аҳамияти юқори бўлган киноасарлар ишлаб чиқариш, “устоз ва шогирд” анъаналарини ривожлантириш, ижодкор ёшларни бир ғоя ва мақсад йўлида бирлаштириш, кинематография соҳасида уларнинг малакасини ошириш, ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш.

Вазифаси. Юқори малакали мутахассислар иштирокида маҳорат дарсларини ташкил этиш, бадиий раҳбарлар бошчилигида ёш киноижодкорлар гуруҳларини шакллантириш, миллий кинематография соҳасида соғлом рақобатни юзага келтириш.

Маҳорат дарсларини ўтказиш жойи ва шакли. Маҳорат дарслари Кинематографияни ривожлантириш марказида бўлиб ўтади. Бадиий раҳбар бошчилигидаги режиссёрлик, актёрлик, операторлик ва драматургия курслари тингловчилари уч ой мобайнида бепул таҳсил оладилар.

Бадиий раҳбар бошчилигида ҳар бир кичик гуруҳ учун ўқитувчилар белгиланади. Маҳорат дарслари учун иштирокчиларни саралаб олиш (кастинг) курс бошланадиган ойнинг 1-санасидан 19-санасига бўлиб ўтади. Машғулотлар ойнинг 20-санасидан бошланади ва уч ой давом этади. Шу давр мобайнида бадиий раҳбар томонидан курсдаги энг иқтидорли тингловчилар танланади.

Маҳорат дарслари тугагандан сўнг бадиий раҳбар ўзи танлаган тингловчилар билан қисқа метражли фильм суратга олади. Фильмни суратга олиш учун бир ой вақт ажратилади. Курс тугагандан сўнг 30 кун мобайнида гуруҳ ишни ҳисобот тарзида Ёш киноижодкорлар кенгашига топширади.

Ҳар бир гуруҳ (режиссёрлик, актёрлик, операторлик ва драматургия) кичик 4 гуруҳга бўлинади. Кичик гуруҳларда 4 нафардан ёшлар таҳсил оладилар. Ҳар бир гуруҳнинг жами тингловчилари сони 16 кишини ташкил этади.

Лойиҳа 2017 йилнинг 20 ноябридан ишга туширилади.

alt

Тақдирлаш маросими. Шоу тарзида ташкиллаштириладиган тақдирлаш маросимида маҳорат дарслари иштирокчилари яратган қисқа метражли фильмлар намойиш этилади. Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилган фильмлар

•      “Энг яхши бадиий раҳбар”

•      “Энг яхши режиссёр”

•      “Энг яхши актёр”

•      “Энг яхши операторлик иши”

•      “Энг яхши сценарий”

•      “Энг яхши қисқа метражли фильм” номинацияларида тақдирланишади.

Лойиҳа реалити-шоу сифатида MY5 (Менинг юртим) телеканали орқали бериб борилади. Ҳар бир гуруҳнинг ижодий иши телеэкран орқали намойиш этилади. Маҳорат мактабини тугаллаган 5 гуруҳ яратган ижод асарлари эфирга берилади ҳамда овозга қўйилади. Томошабинлар мобил телефонлар, ижтимоий тармоқлар орқали гуруҳлар ишини баҳолаб боришади ва бу телеканал орқали эълон қилиб борилади.

Маҳорат дарсларининг олиб борилиши учун зарур сарф-ҳаражатлар Ёш киноижодкорлар кенгаши томонидан қопланади. Маҳорат дарслари якунига кўра, қисқа метражли фильмнинг суратга олиниши “Ўзбеккино” Миллий агентлиги маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ёш киноижодкорлар кенгаши Ахборот хизмати

Шархлар
Реклама