Фотокўргазма, лимузин, қизил гилам... Бу йилги PROlogue фестивали ноанъанавий тарзда ўтиши кутилмоқда
23 ноябр 2017, 17:26 703 кўрилди

alt

Жорий йилнинг 27-30 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида жойлашган Ёшлар ижод саройида PROlogue – 2017 фестивали бўлиб ўтади.

Бу йилги фестиваль бутунлай бошқа форматда ўтказилиши режалаштирилган. Жумладан, фестиваль ноанъанавий услубда "Орамиздаги афсоналар" фотокўргазмаси билан очилади. Фотокўргазма ўзбек кинематографиясида ўзининг ўчмас изини қолдирган, етук санъат асарлари яратган, кино соҳасида ўзининг алоҳида услуби ва мактабига эга бўлган устоз санъаткорларга бағишланади. Ёш киноижодкорлар кенгаши "Орамиздаги афсоналар" фотокўргазмаси орқали замондош афсоналаримизни бир нуқтага жамлайди, устоз санъаткорларга ўзининг эҳтиромини яна бир бор кўрсатади.

Шунингдек, бу галги PROlogue  фестивалига Али Ҳамроев, Элёр Эшмуҳаммедов, Одилшо Агишев, Юсуф Розиқов сингари таниқли кинорежиссёрлар таклиф қилинган.

Тадбирнинг сўнгги куни, яъни 30 ноябрда ўзбек кино санъатининг энг машҳур шахслари,  фестиваль иштирокчилари қизил гиламчадан ўтиб боришади. Ёшлар ижод саройи биноси шу куни тантанали равишда безатилган бўлиб, сарой олдидаги йирик экранларда маросим тўғридан-тўғри намойиш этиб борилади.

Фестивалнинг сўнгги кунида 10 дан ортиқ лимузинда ўзбек шоу-бизнес вакиллари 100 га яқин фотографлар томонидан кутиб олинади.

Мазкур маросим 2018 йилда ўтказилиши режалаштирилган Халқаро кинофестиваль учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамдаTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Шархлар
Реклама