Баҳром Назаровнинг "Интизор"и ва яна жонли ижро, фонограмма ҳақида
07 ноябр 2017, 00:27 865 кўрилди

alt

6 ноябрь куни Миллий матбуот марказида хонанда Баҳром Назаровнинг янги “Интизор” деб номланган концерт дастури олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда хонанда ва концерт ташкилотчилари журналистлар саволларига жавоб беришди.

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, бу йилги концерт репертуари ранг-баранг, унда таъсирли қўшиқлар кўпроқ жой олган. Тайёргарлик жараёнида қўшиқларнинг асосан сўзига эътибор қаратилди. Аввал шеър танланиб, унга мусиқа басталанган қўшиқлар талайгина бўлди.

“Шу нуқтаи назардан концертни жозибадор, дейиш мумкин. Йиғлайдиган жойлари бор, ўйнайдиган жойлари бор, завқланадиган жойлари ҳам бор”, - дейди концерт ташкилотчилари.

Шунингдек, маълум қилинишича, концертда мухлисларнинг кайфиятини кўтариш вазифаси қизиқчиларга, яъни Шукрулло Исроилов ҳамда “Гап йўқ” триосига юклатилади.  

Жонли ижроми ёки фонограмма?

Хонанда бу йилги концертида жонли ижро бўлиш бўлмаслигига аниқлик киритди.

Жонли ижрога тайёр эмасман. Чунки унга жуда катта тажриба керак. Тўйларда 400 та одам сизни тингласа-да, бошқа ишлар билан ҳам машғул бўлади, концертда эса 4 000 та одамнинг кўзи сизда бўлади. Бунинг масъулияти ҳам катта, унда ҳам овозингиз, ҳам мухлислар билан ишлаш керак. Тўғриси, 100 фоиз жонли концертга ҳали тайёр эмасман, Лекин навбатдаги концертларимни  жонли ижрода ўтказиш ниятим бор, албатта”, - деди Баҳром Назаров.

Хонанданинг ушбу фикрига қарши фикрлар ҳам билдирилди. Жумладан, “жонли ижрога тайёр эмасман” дейиш нотўғри экани, камчиликлари билан бўлса-да, барибир жонли куйлашга ҳаракат қилиш кераклиги айтиб ўтилди.

Бунга хонанда шундай жавоб берди: “Жонли ижрода суягимиз қотган. Қўлимдан келади. Устозим Озодбек Назарбеков 4 йил давомида 20-30 кунлаб жонли ижрода концертлар берди. Ўша концертларидан кейин одамлардан, ҳатто санъаткорлардан “концерт жонли бўлдими?” деган ҳайратомуз сўроқларни эшитгандим. Ўшанда ўйланиб қолгандим: эшитувчилар жонли ижро билан фонограммани фарқлай олмаса, барибир тушунмаса, аслида жонли бериш керакми ёки керак эмасми?".

P.S. Аслида жонли билан фонограммасида фарқ сезилмайдиган ижро бу - профессионаллик эмасми?  Бугун аксарият хонандаларимизнинг жонли ижроси билан фонограмма овозида катта фарқ сезилади, аксариятининг жонлисидан кўра, фонограммасини эшитган маъқулроқ. Тингловчи жонли ижро билан фонограммани фарқлай олмаса, бу ўша санъаткорнинг ютуғи. Фонограмма даражасидаги жонли ижро қила оладиганларни олқишлаш керак. Аксарият хонандаларнинг жонли ижроси фонограмма даражасида эмас.

Анжуманда санъаткорлар жонли ижро тарғиботини кучайтирса, эшитувчиларда ҳам жонли ижрога кўникма ҳосил бўларди, фонограмма санъаткорни дангаса қилиб қўяди, деган фикрлар билдирилди.

Хабарларга кўра, шу кунларда “Истиқлол” санъат саройи замонавий аппаратураларни сотиб оляпти. Бундан кейин сарой жонли ижродаги концертларни ўтказиш талабларига жавоб бероладиган бўлади. Санъаткорларда аппаратураларни баҳона қилишга ҳожат қолмайди ва жонли ижро анъанага айланади. Фонограмма масаласига ечим топилади ва у тарихда қолади. Фонограмма санъаткорни танбал қилиб қўйиши бор гап. Лекин шунга яраша шароитлар ҳам бўлиши керак.

Матбуот анжуманида санъаткорларимиз орасида журналистлар билан ҳисоблашадиганлар саноқли экани, шулардан бири Баҳром Назаровлиги алоҳида қайд этилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  07 ноябр 2017, 16:08
Матбуот анжуманини концертдан кейин утказилса максадга мувофик булар эди, йиглайдиган, завкланадиган ...деган гаплар тугри-нотугрилиги аник буларди.
Мехмон
  07 ноябр 2017, 16:05
"Жонли ижрога тайёр эмасман”- дейишга уялиш керак, тайёр булмаса- катта концерт куйишдан МАКСАД НИМА? Даромад олиш булса керак!
Реклама