Алишер Навоий номидаги кино саройида ретро кинозалининг репертуари янгиланди
21 ноябр 2017, 12:39 234 кўрилди

alt

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги кино саройида “Ўзбек киноси дурдоналари” рукни остида ретро фильмлар кинозали ташкил қилингани ҳақида хабар бергандик.

Тажриба синов тариқасида илк бор йўлга қўйилган ушбу лойиҳадан ўзбек киносининг шонли тарихини, буюк актёр ва актрисаларимиз яратган ўлмас образларни, ўзбек кинематографиясига тамал тошини қўйган кинорежиссёрлар, драматурглар томонидан яратилган нодир саҳна асарлари билан бугунги авлодни яқиндан танитиш мақсад қилинган эди. Мазкур лойиҳа кутилганидек кино ихлосмандалари томонидан олқиш билан кутиб олинди. Ўтган бир ой мобайнида 7та ретро фильм томошасига минглаб томошабинлар келди.

“Ўзбеккино” Миллий Агентлиги томошабинларнинг талаб ва истакларини инобатга олиб ретро кинозалининг янги репертуарини тайёрлади ва шу йилнинг 20 ноябридан бошлаб кенг жамоатчилик эътиборига тақдим этди. Бу галги репертуарда кино ихлосмандлари XX асрнинг ўрталарида суратга  олинган ва катта муваффқият қозонган “Фурқат” (1958 йил), “Сурайё” (1965 йил), “26-си отилмасин” (1966 йил), “Қутлуғ қон” (1956 йил), “Муҳаббат можароси” (1971 йил) ва “Наташахоним” (1969 йил) каби бадиий фильмларни томоша қилишлари мумкин бўлади. Сеанслар ҳар куни икки маҳал - соат 15:00 ва 17:00га белгиланган.

"Ўзбеккино" МА ахборот хизмати

 

 

 

Шархлар
Реклама