$
 12774.34
-10.63
 13848.66
17.88
 132.17
0.72
weather
+26
Кечаси   +14°

Кимё ва биология фанларидан мактаб дарсликларини мазмунан сифатли деб бўлмайди — вазир ўринбосари

Кимё ва биология фанларидан мактаб дарсликларини мазмунан сифатли деб бўлмайди — вазир ўринбосари

Кўпгина ривожланган мамлакатлар, шу жумладан, Япония, Жанубий Корея ва АҚШ, Европа мамлакатлари илм-фанни ривожлантириш орқали ўз мамлакатларини иқтисодий ўсишга эришган. Мамлакатда илм-фанни ривожлантириш орқали ишлаб чиқариш ривожлантириш, инновацияларни жорий қилиш орқали иқтисодий ўсишга эришиш мумкин, дейди Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари Ботир Усмонов

Жорий йилнинг 12 августида “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч ихтисослаштирилган мактаблар, чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 та мактаблар ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари, Тошкент кимё технологиялари институти ректори Ботир Усмонов билан суҳбатимиз қарор бўйича олиб бориладиган ишлар, илм-фан, таълим, кимё ва биология фанлари ривожига эътибор қаратиш давлат ривожи учун қанчалик долзарблиги тўғрисида бўлиб ўтди.

1. Сизнингча, кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этилиши қанчалик долзарб? Бу тизим кейинчалик қандай самара беради?

Аввалам бор кимё ва биологияга ихтисослаштирилган мактабларнинг ташкил этилиши болани мактаб ёшидан маълум соҳага йўналтириш имконини беради. Бу эса ўз навбатида шу тармоқда етук мутахассислар етишиб чиқишига катта туртки бўлади. Бу нафақат Ўзбекистон балки, дунёнинг ривожланган мамлакатлар тажрибасидан ўтган ислоҳотлиги ҳаммага маълум. Мактабларни айнан кимё ва биологияга ихтисослаштириш мамлакатимизнинг шу тармоқлардаги кенг потенциалидан унумли фойдаланиш учун етук кадрлар тайёрлашда илк пойдеворни мустаҳкамлашни англатади. Айниқса, бугунги кунда кимё саноатининг иқтисодиётда тутган ўрни ниҳоятда муҳим. Кимё саноати машинасозлик билан бир қаторда замонавий саноатнинг энг динамик соҳаси бўлиб, илмий-техника инқилобининг авангард тармоқларидан биридир. Бугунги кунда бу йўналиш бўйича етук мутахассисларга катта эҳтиёжимиз борлиги ҳеч кимга сир эмас. Маълумки улкан қадамлар яхши мутахассислар орқали ташланади. Ўртамиёна кадрлар билан катта қадам ташлаб бўлмайди. Юқоридагиларни инобатга оладиган бўлсак, кимё ва биологияга ихтисослаштирилган мактабларнинг ташкил этилиши бугунги даврнинг энг катта талабларидан биридир.

2. Кимё ва биология фани бўйича олимпиадада 1-3-ўринни эгаллаган талабаларни ўқишга имтиҳонсиз қабул қилиш тизими сизнингча ўзини оқлайдими?

Маълумки, Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг қарори билан 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб кимё ва биология йўналишларида кадрлар тайёрлаётган барча олий таълим муассасалари умумтаълим мактаблари битирувчи синфлари ўқувчилари ўртасида кўп босқичли (туман (шаҳар) – вилоят – олий таълим муассасаси) кимё ва биология фани бўйича ўзининг олимпиадасини ўтказиш ва 1-3 ўринларни эгаллаган ўқувчиларни олий таълим муассасасининг маблағлари ҳисобидан имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиниши белгиланди. Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг, умуман дунё мамлакатлари ислоҳотларининг аксар қисми мамлакат иқтисодий ҳолатини янада яхшилашга қаратилади. Хусусан, ушбу қарор моҳиятида ҳам мамлакатнинг кимё саноатига етук кадрлар тайёрлаш орқали мамлакат иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшилиши режа қилинган. Албатта, фан олимпиадалари ғолибларининг бу тарзда қўллаб қувватланиши уларни янада руҳлантиради. Бунинг натижасида биз элита талабаларга эга бўламиз. Элита талабалардан эса элита мутахассислар тайёрланади.

3. Бугунги кунда илм-фан ривожига эътибор қаратиш давлат ривожи учун қанчалик долзарб бўлиб турибди?

Маълумки, кўпгина ривожланган мамлакатлар, шу жумладан, Япония, Жанубий Корея ва АҚШ, Европа мамлакатлари илм-фанни ривожлантириш орқали ўз мамлакатларини иқтисодий ўсишга эришган. Мамлакатда илм-фанни ривожлантириш орқали ишлаб чиқариш ривожлантириш, инновацияларни жорий қилиш орқали иқтисодий ўсишга эришиш мумкин. Ривожланган мамлакатларда интеллектуал мулк бозори яхши ривожланган. Айниқса, стартаплар ва инновациялар бугун ишилаб чиқаришга жадал кириб бормоқда. Шу сабабли, илм-фан ривожига катта эътибор қаратиш, инновацияларни чет давлатлардан эмас, ўзимизда яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш иқтисодий самарадорликка эришишга олиб келади.

4. Кимё ва биология фанларига эътиборни янада кучайтиришга қандай қарайсиз? Бошқа давлатлар билан таққослаганда Ўзбекистонда бу соҳада ўсиш ва ривожланиш қай даражада?

Ушбу фанлар асосида мамлакат ҳаётининг бир қанча тармоқлари қурилган. Тиббиёт, фармацевтика, биотехнология, кимё саноатларини бунга мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Биргина мисол, ҳозирда бутун дунёга хавф солиб турган Cоvid-19 пандемияси мамлакатимизда тиббиёт ва фармацевтика соҳасига эътиборни кучайтишимиз энг долзарб масалалардан эканлигини кўрсатиб қўйди. Шу биргина мисолни ўзиданоқ кимё, биология фанларига эътибор қаратишимиз қанчалик муҳим эканлигини англатади. Бугунги кунга қадар мактабларда математика, кимё, физика ва биология бўйича амалий машғулотлар учун ўқув вақтининг атиги 10% ажратилган, ривожланган мамлакатларда эса бу кўрсаткич 30-50%ни ташкил этади. Айни шу кўрсаткични янада кўтариш, ривожланган мамлакатлар даражасига етиб олиш учун бугун мамлакатимизда бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2019/2020 ўқув йилида Президентимиз қарорлари билан институтнинг Шаҳрисабз ва Янгиер филиаллари ташкил этилди, 2019/2020 ўқув йилидан ушбу филиалларга “Кимёвий технология” ва “Озиқ-овқат технология” таълим йўналишлари бўйича абитуриентлар қабул қилина бошланди. Кейинги ўқув йилидан институтнинг Ангрен филиалига ҳам абитуриентлар қабул қилинади. Кўриниб турибдики, ҳудудларда кимё ва озиқ-овқат саноатлари ривожланиб борган сари малакали кадрларга эҳтиёж туғилмоқда. Ихтисослаштирилган мактабларда кимё ва биология фанларини чуқур ўқитилиши ОТМларда саноат корхоналарига малакали кадрларни етиштиришда, кейинчалик етук илмий ходимларни тайёрлашда, старт-ап лойиҳалари, инновацион лойиҳалари муаллифларини тайёрлашда муҳим омил саналади.

5. Кимё ва биология фанлари қайси соҳалар учун ўта муҳим ҳисобланади. Сизнингча бу фанларни ҳамма бирдек билиши керакми?

Юқорида айтиб ўтганимиздек, кимё ва биология фанлари фармацевтика, озиқ-овқат, нефт ва газни қайта ишлаш, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, тоғ-кон саноати, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тиббиётнинг турли тармоқларида ўта муҳим ҳисобланади. Албатта, бу фанларни ҳамма бирдек билиши шарт эмас. Чунки бу фанлар ўта мураккаб фанлар ҳисобланади. Биргина кимё фанининг ўзи ўз ичида каллоид кимё, физикавий кимё, умумий ноорганик кимё, органик кимё каби бир неча турларга бўлиниб кетади. Шунинг учун ҳам етишиб чиқаётган авлод ушбу мураккаб фанни ўзлаштиришга бир қадар тайёр бўлиб келиши ва мустаҳкам пойдеворга эга бўлиши учун кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган мактаблар очилиши айни муддаодир.

6. Кимё ва биология фанларида таълими бериш, дарсликлар ҳолати қандай, камчиликлар ҳақида нима дея оласиз?

Бугунги кунда республикамизда 10000 дан ортиқ умум таълим мактаблари мавжуд бўлиб, уларнинг барчасида ҳам кимё ва биология фанларини ўқитиш учун моддий-техника базаси етарли эмас, қолаверса, ушбу фанлардан малакали ўқитувчилар ҳам кам.

Кимё ва биология фанларидан мактаб дарсликларини ҳам мазмун жиҳатдан сифатли деб бўлмайди. Ушбу дарсликларни жаҳон стандартларига жавоб берадиган, хорижий адабиётлардан фойдаланган ҳолда қайта тайёрлаш жуда муҳим. Президентимиз қарори билан таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактабларда кимё ва биология фанларини самарали ўқитишни мувофиқлаштириш учун уларга олий таълим муассасаларининг 55 та кафедраларини бириктириш, олий таълим муассасаларида кимё ва биология йўналишларида самарали ўқув жараёнини ташкил этиш, фанларни ривожлантириш учун уларнинг 74 та кафедраларига 11 та Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари ҳамда ишлаб чиқариш тармоқларини бириктириш вазифаси юклатилди.

7. Бу соҳада етакчи олимлар ёшларга таълим бериши қандай амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлашда кимё ва биология фанлари бўйича таянч ихтисослаштирилган мактабларга бириктирилган олий таълим муассасаларидан етук профессор-ўқитувчиларнинг ўқувчиларга таълим беришига эришилади. Бунда ҳафтанинг маълум бир куни очиқ дарслар, семинарлар, лаборатория дарслари, вебинарлар ташкил этилади. Тошкент кимё-технология институти мисолида оладиган бўлсак, “Гўшт, сут ва консерваланган маҳсулотлар технологияси” кафедрасига Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 116-мактаб, “Биотехнология” кафедрасига Олмазор туманидаги 28-сон умумтаълим мактаби бириктирилган бўлиб, бу мактабларда таълим сифатини яхшилаш мақсадида институтимизнинг етук профессор-ўқитувчилари ҳамда иқтидорли талабалари таълим жараёнига жалб этилмоқда.

Хориждан мутахассислар жалб қилинадими?

Хориж тажрибаси, айниқса, илм-фан тараққий этган мамлакатлар тажрибаси жуда муҳим омил албатта. Бунда ўз тажрибамизни мисол қилиб келтирадиган бўлсак, ўтган давр давомида ҳам биз хориж билан қизғин муносабатлар ўрнатганмиз. Испания, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси, Болгария, Латвия, Чехия, Дания, Белоруссия, Руминия, Россия, Қозоғистон каби мамлакатларнинг олий таълим муассасалари билан халқаро алоқаларимиз бор. Мисол қилиб оладиган бўлсак, Белорус Республикасининг Могилёв давлат озиқ-овқат университети, Белорус давлат технология университети ва Россия Федерациясининг Қозон (Волга бўйи) Федерал университетлари билан қўшма дастурларимиз бор. Бу дастурларда ўқиган талабалар ҳам Тошкент кимё-технология институтининг ҳам ҳамкор олий таълим муассасасининг дипломига эга бўлади. Энг муҳим тарафларидан бири, ўқув муддатининг тенг ярмини хорижда ўқийди. Бу эса ёшларимиз учун катта тажриба тўплаш имконини беради.

Замонавий таълим дастурлари киритиладими?

Албатта, таълим замон билан ҳамнафас юрмаса, ривожланиш ҳам орта қолиб кетаверади. Бу борада давлатимиз томонидан бир қанча чоралар кўрилмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги 2020 йил 1 декабрга қадар кимё ва биология фанлари ўқитувчиларини тайёрлаш дастурларини хорижий университетлар тажрибаси асосида таҳлил қилиб, такомиллаштириш чораларини кўриши зарурлиги белгилаб қўйилди. Ушбу мактабларда кимё ва биология фанлари чуқурлаштирилган ҳолда мақсадли ўқитилади. Кимё ва биология фанларини ўқитишнинг замонавий таълим дастурлари ишлаб чиқилади ва ўқув жараёнига жорий этилади.

Ёшлар илмий лабораторияларга жалб қилинадими?

Кимё соҳасини лабораторияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Умуман кимё ва биологияни ривожлантиришни мақсад қилган эканмиз энг биринчи масала бу моддий техник баъзани яхшилаш бўлади. Бунда эса бевосита замонавий лабораториялар билан таъминланиш биринчи даражадаги эҳтиёждир. Бу борада ҳам керакли чора тадбирлар кўрилмоқда. Биргина Тошкент кимё-технология институти мисолида оладиган бўлсак, Жаҳон банки томонидан ажратилган грантлар асосида жорий йилда Тошкент кимё-технология институтининг 4 та кафедрасига “Гидравлика”, “Экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги”, “Озиқ-овқат хавфсизлиги”, “Иссиқлик техникаси” фанларидан замонавий ўқув ва илмий лаборатория жиҳозлари келтирилди. Қолаверса, ҳомийлар томонидан 3 та лаборатория хонаси янгидан таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан жиҳозланди. Ёшларга замонавий билим бериш борасида мунтазам ўқув дастурлари хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда такомиллаштириб борилмоқда. Институтимизга бириктирилган ихтисослаштирилган мактаблар, академик лицей ва техникум ўқувчилари учун очиқ эшиклар куни ташкил этилади, иқтидорли ўқувчилар етук профессор-ўқитувчиларимизга бириктирилади ва илмий-тадқиқот ишларига жалб қилинади.

Халқаро олимпиадаларга тайёргарлик кўриш тизими такомиллаштириладими?

Албатта, халқаро олимпиадалар бу катта тажриба бўлиши билан бир қаторда жуда катта мотивация ҳамдир. Кимё соҳаси бўйича етишиб чиқаётган ёш кадрлар халқаро майдонда ҳам ўзларини кўрсатишни исташи табиий ҳол. Бундай олимпиадаларни Ўзбекистонда ташкил этилиши эса ҳар томонлама манфаатли бўлади. Ўзбекистонлик ўқувчи ёшларнинг халқаро олимпиадаларда кўрсатаётган натижалари жуда юқори. Халқаро Менделеев олимпиадасида ёшларимиз олтин, кумуш, бронза медалларини қўлга киритиб қайтаётгани жудаям бизни қувонтиради. Мана шундай ютуқларни олий таълим даражасида ҳам қўлга киритишимиз керак. Айни пайтда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академиясининг 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба олий таълим муассасалари талабалари орасида кимё ва биология фанлари бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро фан олимпиадаларини ўтказилиши маъқулланди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги 2021 йилдан бошлаб кимё ва биология фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга бир маротаба ойлик маошининг 100 фоизи миқдорида, кимё ва биология фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларга ўқув йили давомида олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида устама ҳақ белгилаш тартиби жорий этилади. Кимё ва биология фанлари бўйича Халқаро олимпиадаларни юқори савияда ўтказиш ва уларга ёшларимизнинг тайёргарлигини янада оширишга катта эътибор берилади. Бу борада Ташқи ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги каби юқори ташкилотлар жиддий ишлар олиб бормоқда.

Латофат Бўриева, Review.uz

Теги :
Жамият