$
 12694.87
-25.13
 13766.32
-61.59
 139.48
-0.56
weather
+26
Кечаси   +14°

2021 йил ҳийласи: ёшларни замонавий тамаки маҳсулотини истеъмол қилишдан сақлаш мумкинми?

2021 йил ҳийласи: ёшларни замонавий тамаки маҳсулотини истеъмол қилишдан сақлаш мумкинми?

Ёш истеъмолчиларни замонавий тамаки ва никотин маҳсулотлари воситасида қармоққа илинтириш – тамаки саноатининг асосий стратегияси, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши кураш бўйича консультанти Шуҳрат Шукуров. Биз унга мавзуга доир бир нечта долзарб саволларни бердик ва уларнинг ҳар бирига мутахассис батафсил жавобларни тақдим этди.

ЖССТ (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) қиздириладиган тамакини қайси тоифага киритади?

— ЖССТнинг Тамакига қарши курашиш бўйича Ҳадли конвенцияси Тарафлари Конференциясининг тегишли қарорига кўра, “қиздириладиган тамаки маҳсулоти” тамаки маҳсулотига киради. Бу тамаки маҳсулотлари учун белгиланган барча чеклов чоралари тамакини қиздириш маҳсулотига ҳам тегишли эканлигини билдиради.

Қиздириладиган тамаки никотин ҳамда бошқа кимёвий моддаларга эга аэрозолларни ҳосил қилади ва фойдаланувчи тамакини қиздириш тизими воситаси ёрдамида уларни оғиз орқали ичига ютади. Бундан ташқари, улар одатий сигареталарни чекишга хос бўлган ҳаракатларни айнан такрорлайди, баъзиларида эса қиздириладиган тамакини ўзида сақловчи махсус ишлаб чиқарилган сигареталар ишлатилади.

Қиздириладиган тамаки маҳсулотида тамаки қиздирилиши ҳисобига никотин ажралиб чиқади, ваҳоланки, тамаки саноати вакилларининг таъкидлашича, улар никотин маҳсулотлари саналмайди. Шунингдек, бу маҳсулотларни никотин етказиб бериш электрон тизимлари (жумладан, электрон сигареталар, вейплар) билан адаштирмаслик зарур. Уларда никотин суюқлиги қиздирилади ва таркибида тамаки мавжуд эмас.

Уларни сигареталардан кўра зарарсизроқ, деб ҳисоблайсизми?

— Ҳозирги пайтда қиздириладиган тамакининг анъанавий тамаки маҳсулотларига қараганда зарарисизроқ, деган фаразни тасдиқловчи ишончли маълумотлар йўқ. Соҳага оид маълумотларнинг мустақил таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, улар одатий сигарета тутуни билан солиштирганда 20дан ортиқ зарарли ҳамда потенциал зарарли кимёвий моддалардан баъзиларини кўпроқ ажратиб чиқаради. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу маҳсулотлар ўзаро фарқланиб туради ҳамда бундай қиздириладиган тамаки маҳсулотида канцероген, яъни одамларда саратон келтириб чиқариши мумкин бўлган моддалар аниқланган.

Тамаки саноатининг “хавф даражаси камлиги” ҳақидаги баёноти – бу тиббий фактми ёки реклама ҳийласи?

— Янги истеъмолчиларни кўпайтириш учун тамаки саноати бозорда ўз маҳсулотини илгари суришнинг турли усулларини, шу жумладан, ёлғон ахборот тарқатишдан фойдаланади. Ушбу маҳсулот бошқа тамаки маҳсулотига қараганда зарарсизроқлиги ёки уни истеъмол қилиш саломатлик учун хавф даражаси камроқлиги билан боғлиқлигига оид баёнотлар етарлича объектив маълумотлар билан тасдиқлангани йўқ. Зарар етказиш эҳтимолининг камлиги ёки хавфли таъсир ҳақидаги ҳар қандай муносабат мустақил тадқиқотлар билан асосланиши керак. Шундай экан, тамаки саноатининг “хавф даражаси камлиги”га оид баёноти бу – реклама ҳийласи.

Аслида қиздириладиган тамаки маҳсулотидан фойдаланиш жараёнида ҳосил бўлувчи аэрозолларда анъанавий сигареталар тутунига қараганда 20дан ортиқ зарарли кимёвий моддалар ажралиб чиқади, баъзиларида ҳатто анъанавий сигаретаникига қараганда юқорироқ концентрацияда. Бундан ташқари, ушбу аэрозолларда анъанавий сигареталар тутунида мавжуд бўлмаган бир қатор токсинлар бор. Бу саломатлик учун қандай оқибатларни юзага келтириши ҳозирча номаълум.

Уларни истеъмол қилганларда сигарета чекувчиларга қараганда никотинга қарамлик камроқ ривожланадими?

— Ҳар қандай тамаки маҳсулоти таркибида никотин мавжуд ва никотинга қарамликни чақиради - бу факт. ЖССТ қиздириладиган тамаки маҳсулотида саломатлик учун хавфли моддаларнинг паст концентрацияси уларни хавфсизроқ қилиб қўймаслиги ҳамда уларни истеъмол қилиш соғлиқ учун камроқ хавф туғдиришини англатмаслиги ҳақида таъкидламоқда.  

Қиздириладиган тамаки таркибида тамаки бўлмаган қўшимчалар ва кўп ҳолларда ароматизаторлар ҳам бор. Тамаки ушбу маҳсулотлар ёки махсус конструкцияга эга сигареталар (масалан, «тамаки стики», «NEO стикида») ёхуд прессланган тамаки ёки тамаки капсулаларида бўлиши мумкин. Шунинг учун сигаретага нисбатан қиздириладиган тамаки никотинга қарамликни камроқ ривожлантиради, дейиш нотўғри.

Чекувчиларни сигаретадан қиздириладиган тамаки маҳсулоти ва никотин вейпларига ўтказиш орқали мамлакатда чекишни тўхтатиш мумкинми? Бу маҳсулотлар мамлакатимизда, жумладан ёшлар орасида қай даражада тарқалган? Ёшлар вейпинги муаммоси ҳақида гапириш қанчалик ўринли?

— Қиздириладиган тамаки маҳсулоти, электрон сигареталар ва вейпларни истеъмол қилиш жараёнида кучли наркотик таъсирга эга ва никотинга қарамликни ривожлантирувчи никотин ажралади. Шундай экан, бу чекувчиларга тамаки истеъмол қилишдан воз кечишга ёрдам бермайди.

Тамаки саноати замонавий никотин ва тамаки маҳсулотларига мактаб ўқувчилари ва ўсмирларни жалб қилиш учун ўзининг агрессив маркетинг кампаниясини олиб бормоқда. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Ибн Сино” жамоат фонди томонидан 2020 йил февралида Тошкент ва Самарқанддаги мактаблар яқинида ва болалар ташриф буюрадиган жамоат жойларида тамаки маҳсулотлари савдоси бўйича ўтказилган жамоатчилик мониторинги шуни кўрсатдики, ҳар ўнта савдо жойидан биттасида қиздириладиган тамаки маҳсулоти стационар савдо объектлари ҳамда кўча савдогарлари томонидан сотилиши аниқланди.

Бундан ташқари, интернет ва ижтимоий тармоқлар ёрдамида ҳам қиздириладиган тамаки маҳсулотининг фаол рекламаси ва савдоси олиб борилмоқда, ваҳоланки, тамаки маҳсулотларининг бу кўринишидаги савдоси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сон қарори билан тасдиқланган Электрон тижоратни амалга ошириш қоидаларига мувофиқ ман этилган.

Вейпинг (электрон чилим) — бу чиндан ҳам ёшлар ўртасидаги катта муаммо, бу ўзига хос янги оқим. Чекувчилар гуруҳларга бирлашиб, кундан-кунга такомиллашиб, янгича дизайн ва хушбўйлик хусусиятларига эга бўлиб бораётган хилма-хил қурилмаларни сотиб олишади. Ёшларимиз бу саломатлик билан боғлиқ қандай муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини тушунмаган ҳолда замонавий тамаки ва никотин маҳсулотларига тобора кўпроқ қизиқмоқда.

Бозорда қиздириладиган тамаки ва вейпларни сигареталарга қиёсан назорат қилишга доир тартиб мавжудми? Сизнингча, қонунчиликда қандай ўзгаришларни амалга ошириш керак? Арманистон, Беларусь, Қозоғистон мамлакатлари сингари қиздириладиган тамаки маҳсулотини сигаретларга тенглаштириш мақсадга мувофиқми?

— Бу борада Ўзбекистон Ҳукумати томонидан қадамлар қўйилмоқда, яъни 2020 йилнинг 1 июнидан импорт қилинадиган замонавий тамаки ва никотин маҳсулотларига акциз солиғи жорий этилди (2020 йил 6 апрел санасида қабул қилинган «Тамаки маҳсулотлари бозорини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4665 сонли қарор).

2021 йилнинг 15 июнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан замонавий маҳсулотларни тамаки маҳсулотларига тенглаштиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди. Бу тамаки маҳсулотларига белгиланган чекловларни бундай маҳсулотларга нисбатан қўллаш имконини беради. Масалан, ўрам ва маркировкага оид талаблар, савдо жойларидаги реализация, жамоат жойларида истеъмол қилиш, реклама ва сотувни рағбатлантиришга оид чекловлар ҳам анъанавий сигареталарники билан бир хил бўлади.

Бу маҳсулотлар рекламаси қанчалик ўринли? Кафеда қўшни столда ўтирганларнинг никотин тутунидан нафас олиши уларга қандай таъсир кўрсатади?

— Ҳар қандай тамаки маҳсулоти рекламаси каби, қиздириладиган тамаки маҳсулотининг рекламаси ҳам тартиб-қоидаларга зид, биринчи навбатда у ўзига болалар ва ўсмирларни жалб қилади.

Атрофдаги одамлар учун таркибида зарарли моддалар бўлган ҳар қандай тутун хавфли. Қиздириладиган тамаки таркибида, баъзи ҳолларда, фақат уларгагина хос бўлган қиздириш натижасида ҳосил бўладиган заҳарли моддалар мавжуд ва улар фақат фойдаланувчига таъсир кўрсатибгина қолмай, атрофдагилар саломатлиги учун ҳам потенциал хавф туғдириши мумкин.

Бироқ қиздириладиган тамаки маҳсулотларини қўллаш ҳамда узоқ муддатли оқибатлари нуқтаи назаридан улардан ажраладиган моддаларнинг таъсири етарли даражада ўрганилмаган, шунинг учун атрофдагилар учун туғдирадиган хавфни баҳолаш учун мустақил тадқиқотларни талаб қилади.

Солиқларга оид чора-тадбирлар қиздириладиган тамаки маҳсулоти ва бошқа тамаки маҳсулотларини истеъмолига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

— Нарх-наво ва солиққа оид чоралар турли аҳоли гуруҳлари, айниқса ёшлар томонидан тамаки истеъмол қилинишини қисқартиришда самарали ва муҳим восита ҳисобланади. Мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳасидаги мақсадларга эришиш учун ЖССТ тавсиясига мувофиқ, тамаки маҳсулотларининг чакана нархидаги акциз солиғи улуши 70%ни ташкил этиши керак. Бу чора тамаки маҳсулотлари истеъмолининг қисқариши ва акциз солиқларидан тушадиган даромаднинг ошишига сабаб бўлади. Бундай солиқ сиёсати тамаки ва никотин маҳсулотининг туридан қатъий назар, уларнинг барчасига бирдай бўлиши лозим.

Кўриб турганингиздек, мавжуд билимлар ҳали етарли эмас, чунки ҳозирги қиздириладиган тамаки маҳсулотлар авлоди бозорда яқиндагина пайдо бўлган, уларнинг оқибатларини ўрганиш учун эса вақт керак. Янги ёш авлод тамаки истеъмолчилари учун уларнинг маъқуллиги ҳақида (“жалб қилиш самараси”) ёки бошқа анъанавий тамаки маҳсулотлари ва электрон сигареталар билан бир вақтда истеъмол қилганда уларнинг ўзаро таъсирлашуви ҳақида хулосалар қилишга ҳали эрта. Санаб ўтилган оқибатлар, шунингдек қиздириладиган тамаки маҳсулотлари хавфсизлиги ҳамда улар билан боғлиқ қалтисликлар келгусидаги мустақил тадқиқотлар жараёнларида ўрганилиши лозим.

Теги :
Жамият