Ўзбекистон миллий терма жамоасини вақтинча Темур Кападзе бошқаради
15 феврал 2018, 15:51 2504 кўрилди

alt

Ўзбекистон миллий терма жамоасига Темур Кападзе вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар қилади.

Хабарда таъкидланишича, Ўзбекистон миллий терма жамоасига хориждан кучли мураббий олиб келиш бўйича музокаралар давом этмоқда. Ҳозирча бу борада оғзаки келишувга эришилган бўлиб, тез орада расмий шартнома имзоланади ва Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқарадиган мутахассис номи эълон қилинади. Ўзбекистон МТЖ шу йилнинг март ойида Африканинг Сенегал ва Марокаш терма жамоалари билан сафарда ўртоқлик ўйини ўтказади. Темур Кападзе мана шу ўйинларга футболчиларни саралаб олиш, уларни тайёрлаш, олиб бориш ва мураббийлар штабини шакллантириш билан шуғулланади.

Тез орада Кападзе терма жамоанинг кенгайтирилган таркибини ЎФАга тақдим этади.

Маълумот учун, Темур Кападзе фаолиятини Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасида бошлаган. Кейинчалик “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Инчхон” (Жанубий Корея), “Шаржа” (БАА), “Актобе” (Қозоғистон), “Локомотив” (Тошкент) клубларида тўп сурган. У ўтган мавсумнинг охирида футболчилик фаолияти билан хайрлашган. Кападзе Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида 119 та ўйин ўтказган футболчи ҳисобланади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  16 феврал 2018, 22:40
Milliy terma jamoaning taqdiri endi nima bo'larkin?
Реклама