6 август куни Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи расман таништирилади — ЎФА

авг 02 / 2018

alt

Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакат бош жамоасини ишониб топшириш мумкин бўлган мутахассис билан музокараларни якунлади. ЎФА расмийлари шартнома имзолаш мумкин бўлган 10 дан зиёд номзодлар орасидан аргентиналик Эктор Купер вариантида тўхталди. 6 август куни мутахассис жамоатчиликка расман таништирилади, деб хабар қилади ассоциац матбуот хизмати. 

62 ёшли мутахассис 1996 йил Аргентинанинг “Ланус” жамоаси билан КОНМЕБОЛ Кубоги соҳиби бўлди. Бу муваффақияти унга Европа эшикларини очиб берди. 1998 йил Купер Испаниянинг “Мальорка” клубини мамлакат кубоги финалига қадар бошлаб келди, Испания Суперкубоги учун майдонга чиқди. Бир йил ўтиб “Мальорка” Эктор билан УЕФА Кубоги финалигача етиб келди. Шу тариқа мураббий машҳур “Валенсия” клуби назарига тушди. Катта авлод футбол мухлисларимиз яхши эслашади. “Кўршапалаклар” 2000 ҳамда 2001 йилги мавсумларда Европа Чемпионлар Лигасининг финалигача етиб келиб, кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлишди. Бунда Купернинг роли анчагина катта эди. Чунки “Валенсия”нинг финалгача етиб бориши кўпчилик учун ўзига хос сюрприз бўлганди. Кейинроқ Эктор Купер Италиянинг “Интер” ҳамда Грециянинг “Арис” жамоаларида яхши ишлади. Бунгача у 1999 йилда Испанияда, 2000 йилда эса Европада йилнинг энг яхши мураббийи деб топилганди. 

Эктор Купернинг миллий терма жамоадаги юриши 2017 йилга тўғри келди. 2015 йил Миср бош жамоасини қабул қилиб олган Купер, орадан икки йўл ўтиб жамоасини Африка Миллатлар Кубоги финалига қадар бошлаб келди. Шунингдек, 28 йилдан буён мундиал чиптасини қўлга кирита олмаётган мисрликларни Россия—2018 сари бошлаб бора олди. Машҳур Муҳаммад Салоҳнинг мамлакат қаҳрамонига айланиши айнан Эктер Купер даврига тўғри келди. 

Эндиликда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг таклифини қабул қилган мураббийи 6 август куни Миллий олимпия қўмитасининг анжуманлар залида соат 15:00да футбол мухлисларига таништирилади. Шундан сўнг у билан матбуот анжумани ташкил этилади. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *