Жиззахда пахта ўғрилари қўлга тушди

сен 24 / 2018

 

– 149 кг пахтани теримчилар билан совун, кир ювиш кукунига алмашилган

– 385 кг пахта даладан яширинча териб олинган

– 210 кг пахтанинг килоси 8 минг сўмдан сотиб олинган

– Ҳар учала ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда

alt

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги "Саройлик" маҳалласида яшовчи Шокиржон Тўйчиевнинг хонадонидан 149 килограмм пахта топилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди. У олисроқ ҳудудларда пахта тераётганларга совун, кир ювиш кукуни каби рўзғорга зарур нарсаларни етказиб бериш баҳонасида олиб борган нарсаларни терилган пахтага алмаштирган. 

Шу маҳаллада яшовчи Дилшод Каримов эса хонадонида пахтани қайта ишлашни, яъни, қўлбола ускуна ёрдамида пахтадан чигитни ажратувчи “тадбиркорлик”ни йўлга қўйганлиги аниқланди. Унинг хонадонидан 385 килограмм пахта, 58 килограмм чигит ҳамда 38 килограмм пахта толаси топилди. Аниқланишича, у хомашёни тумандаги “Зарафшон” сув истеъмолчилар уюшмаси “Шоирабегим гуллари” фермер хўжалиги далаларидан яширинча териб олган, яъни тўғридан тўғри ўғрилик қилган. 

Зафаробод тумани ҳудудида ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилган давлат рақами “Нива” русумли автомашинада Пахтакор тумани, Боғишамол қишлоғида яшовчи Санжар Ҳайитбоев 210 килограмм пахта олиб кетаётгани аниқланди. Унинг айтишича, пахтани Зомин туманидаги “Пишоғар” бозорида нотаниш одамдан ҳар килосини 8 минг сўмдан сотиб олган эмиш. 

Вилоят ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи айни вақтда ҳар учала ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётганлигини хабар берди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *