"Ёш ватандошлар" фестивали ўз ишини бошлади
11 апрел 2018, 15:17 2374 кўрилди

alt

Юртимизда илк бор Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ташаббуси билан хориждаги ёш юртдошларимиз билан бирга «Ёш ватандошлар» фестивали ўтказилиши ҳақида аввал хабар бергандик.

11 апрель куни Ёшлар ижод саройида фестиваль доирасида « Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси: келгусидаги ривожланиш истиқболлари» номли давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Америка Қўшма Штатлари, Россия, Япония, Туркия, Покистон, Қирғизистон ва Тожикистон, Хитой Халқ Республикаси, Финландия, Швецария, Испания, Франция, Италия, Германия каби мамлакатларда истиқомат қиладиган ёшлар иштирок этди. Улар Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг келгусида қилинадиган ишлар режасини ўзаро муҳокама қилиб, фикр алмашишади. 

Фестиваль қатнашчилари илк таассуротлари билан ўртоқлашишди:

Комила Султонова, Хельсинки, Финляндия, Даниядаги Орхус университети халқаро маркетинг ва коммуникация факультети талабаси:

 — Ташрифимдан мақсад замонавий Ўзбекистон билан яқиндан танишиш. Маҳаллий ёшлар маданиятини яқиндан ўрганиб, таълим соҳасида ўз билимларим билан ўртоқлашиш, ўзбекистонлик ўқитувчиларни он-лайн интернет таълимга таклиф қилиш ва ўзига ишонган, касбида муваффақиятли ёшларни тарбиялашни ўргатиш ниятидаман.

Ғафуров Аброр Асроржонович, Берлин, Германия Гумболд Университети География факультети доценти, Германия геофизика тадқиқотлар маркази катта илмий ходими:

— Соҳам Ўрта Осиёда сув ресурсларини бошқариш. Фестивалга келганимдан жуда хурсандман. Ўйлайманки, бу фестиваль четда юрган барча ёш, иқтидорли ўзбекларни бирлаштириб, келажакда Ўзбекистон равнақига ҳисса қўшишида хизмат қилади.

Муротов Умрбек Ўктам ўғли, Деҳли, Ҳиндистон, Деҳли технологик университети талабаси:

— Фестивалга келишимдан мақсад Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотларга ўз ҳиссамни қўшиш. Ўзбекистон ва Ҳиндистон билан ҳамкорликда IТ-технологияни ривожлантириш, фуқаролар ҳаётида уни чуқур татбиқ этиш. Бундан ташқари, таълим системасида ҳам IТ технология, янги педагогик медотларни, Ҳиндистон тажрибасини қўлласак мақсадга мувофиқ бўлади.

Муҳаммед Ариф Зафери, Истанбул, Туркия, “Zafericon Foreign Trade”компанияси раҳбари:

— Ўзбекистонга илк бора келишим. Тарихи бой юртга келганимдан жуда хурсандман. Бу фестивалга қатнашишимдан максад, дунёнинг турли жойларидан таклиф этилган ўзбеклар билан танишиш, дўстлар орттириш, келажакда улар билан ҳамкорликларни йўқлга қўйишдан иборат.

alt

Шархлар
Реклама