"Ёш ватандошлар" — Хорижда яшайдиган юртдошларимиз учун илк бор фестиваль ўтказилади

апр 08 / 2018

alt

10-16-апрель кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида Ўзбекистонда биринчи марта  “Ёш ватандошлар” фестивали ўтказилади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилаётган ушбу фестивалда Ўзбекистонда туғилган, турли сабабларга кўра айни пайтда хорижда яшаётган ёш ватандошлар иштирок этади. 7 апрель куни Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши биносида бўлиб ўтган фестиваль олди матбуот анжуманида бу ҳақда маълум қилинди.

“Ёш ватандошлар” фестивалини ўтказишдан кўзланган мақсад хорижда яшаётган ватандошларимизни мамлакатимизнинг бой маданий мероси, азалий қадриятлари, урф-одатлари ва асосийси, ёшларимизнинг ҳаёти билан яқиндан таништиришдан иборат. Шунингдек, улар ўртасида ўзаро мулоқот муҳитини шакллантириш, уларнинг тажрибаларидан унумли фойдаланиш ва юртимиздаги ислоҳотларга жалб қилиш, инвестиция киритишга тарғиб қилиш ҳам мўлжалланган.

Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Камолиддин Бекназаровнинг сўзларига кўра, фестивалда АҚШ, Россия, Япония, Туркия, Покистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби 18 дан зиёд нуфузли мамлакатлардан 70 нафар ўзбекистонлик ёшлар ташриф буюради ва жами 400 нафар ёшлар иштирок этади ва жамиятимиз ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида рўй бераётган ўзгаришларга гувоҳ бўлиб, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлишади.

alt

“Ёш ватандошлар” фестивали тадбиркорлик, туризмни ривожлантириш, илм-фан ва ахборот технологиялари йўналишларида иш олиб боради. Мазкур йўналишларда давра суҳбатлари ўтказилиб, уларда чет элда муваффақиятли фаолият олиб бораётган, илмий салоҳияти юксак бўлган ёшлар тақдимот қилишади, шунингдек, юқори тажрибага эга бўлган давлат вакиллари билан фикр-мулоҳазалар алмашишади.

Фестиваль доирасида “Муваффақиятли стратегия пойдевори”, “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш”, “Ўзбекистонда архитектура келажаги”, “Ўзбекистонда барқарор ҳамкорлик учун асос“, “Бизнес –Ўзбекистонда инвестиция иқлими” ҳамда “Сайёҳларни туризмга жалб этиш йўллари”, “IT–лойиҳаларни бошқаришда энг муваффақиятли механизмлар”, “Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ривожланиш истиқболлари” каби қатор мавзулар кенг муҳокама қилинади.

Фестиваль дастурига ёш ватандошларни юртимизнинг диққатга сазовор жойлари билан таништириш, ёшлар билан давра суҳбатлари, семинар ва турли маданий тадбирлар ташкил этиш ҳам киритилган. 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *