XVIII ёзги Осиё ўйинларининг 3 нафар ғолибига ҳарбий унвон берилди

окт 11 / 2018

 

– Руслан Нурудинов, Вадим Меньков ва Надия Дусановага “лейтенант” ҳарбий унвонлари топширилди

9 октябрь куни Мудофаа вазирлигида XVIII ёзги Осиё ўйинларида иштирок этиб, ғолибликка эришган ҳамда совринли ўринларни қўлга киритган Мудофаа вазирлиги Спорт клуби спортчилари ва уларнинг мураббийларини шарафлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон Миллий олимпиа қўмитаси раиси Умид Ахмаджонов, Ўзбекистон Бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Абдулло Сагдиев иштирок этди ва мамлакатимиз шарафини жаҳон спорт аренасида муносиб ҳимоя қилган армия спортчиларига миннатдорчилик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилган XVIII ёзги Осиё ўйинларида Мудофаа вазирлиги Спорт клубининг 50 нафар аъзоси ҳам Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, 10 та олтин, 12 та кумуш ва 11 та бронза медалини қўлган киритган эди. 

Мудофаа вазири XVIII ёзги Осиё ўйинларида оғир атлетика спорт тури бўйича рекорд ўрнатган шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар Руслан Нурудинов, каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё ўйинларининг 4 карра ғолиби Вадим Меньков ҳамда енгил атлетикачимиз Надия Дусановага навбатдаги “лейтенант” ҳарбий унвонларини тантанали топширди.

Тадбир давомида Осиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган ҳамда Олмаотада бўлиб ўтган Бокс бўйича 22-халқаро турнирида муносиб ўринларни қўлга киритган спортчилар мудофаа вазирлиги томонидан маиший техника буюмлари, кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Мамлакатда спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси, Жисмоний тарбия ва спорт вазири ҳамда Ўзбекистон Бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосарига Мудофаа вазирлигининг эсдалик совғаларини топширилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *