Видео: Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида ваҳшиёна содир этилган қотилликлар фош этилди

авг 05 / 2018

alt

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Медиамарказ саккиз йил давомида қўшниларининг уч нафар вояга етмаган фарзандларини ўлдириб, умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган Зоҳид Отабоев тўғрисидаги кўрсатувни намойиш қилди. Репортаж шанба куни «Ўзбекистон 24» телеканалида «Қонун номи билан» дастурида намойиш қилинди.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани Хонобод маҳалласидаги аҳолини 8 йил давомида даҳшатли қўрқинч ва хавотир эгаллаб олган эди. Маҳаллада бирин-кетин вояга етмаган болалар бедарак йўқола бошлайди. Одамлар орасида “маняк” пайдо бўлганлиги ҳақида ваҳимали гап сўзлар тарқалади. Ҳаттоки, ўша йиллари бу воқеалар сабаб айрим оилалар маҳалладан бутунлай кўчиб кетади. Қидирувлар, суриштирувлар натижа бермас. Болалар эса туман каби ҳеч бир иссиз ғойиб бўлишарди.

Маҳалла аҳолиси билмасдики, норасида гўдаклар нола чекишга улгирмасиданоқ ваҳшийларча ўлдирилиб, маҳалладаги хонадонлардан бири Отабоевлар ҳовлисига, ахлатлар остига кўмиб ташланган эди. Бундай шавқатсиз жиноятларни шу жойда яшаб, ҳар куни қўни-қўшнилар билан салом-алик қилиб юрган Зоҳид Отабоев томонидан содир этилганлиги ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаган эди.

Кўпчиликда жиноятга сабаб нима экан? Бундай ваҳшийликнинг тагида қандай сир-синоат бор экан деган савол туғилади. У ўч олиш мақсадида бу қотилликларга қўл урди.

Зоҳиднинг биринчи ўлжаси Аббос Отамирзаевнинг 7 ёшли ўғли Шахбоз Муҳаммаджонов бўлди.

alt

2010 йилнинг 12 июнь куни Шахбознинг кўчада ёлғиз ўйнаб юрганини кўриб, уни алдаб ўз ҳовлисига олиб киради. Болакай нима бўлаётганини англаб етмасиданоқ, унинг бошига бир неча маротаба муштлаб уради.  Сўнгра болани бўғиб ўлдириб, ҳовлидаги эски ҳожатхона ичига ташлаб юборади. Бу ҳам етмагандек, жасад ахлаб остига чўкиши учун устидан ахлат остига тепади. Кейинчалик эса ҳожатхона кўмиб юборади. Яна ҳеч нима бўлмагандек ерга тушган қон доғларини ювиб, устини алмаштириб ишга кетади. Қасддан қилинган бу жиноят очилмай қолади. Зоҳиддан эса ҳеч ким шубҳа ҳам қилмайди.

2014 йил 10 августида Зоҳиднинг навбатдаги ўлжаси қўшниси Шодиёр  Алибоевнинг 9 ёшли ногирон ўғли Ёрқинбек бўлди.  У велосипед ҳайдаб юрган Ёрқинбекни алдаб ҳовлисига олиб киради. Бу галги қотилликда ҳам аввалги эски усулда фойдаланади. Болакайнинг жасадини эса бу сафар янги қурилган ҳожатхонага ташлаб юборади ва устидан тупроқ билан кўмиб ташлайди.

alt

Ёрқинбекнинг вилосипедини эса маҳалладан оқиб ўтадиган ариқнинг чуқур жойини топиб яширади. Бу гал ҳам ёпиқ қозон ёпиқлигича қолади.

Бу воқеадан уч йил ўтиб, унинг навбатдаги ўлжаси 3 ёшли Ойбек бўлди. 2017 йил ноябр ойида Зоҳиднинг ҳовлисига чучук тилида нималарнидир сўраб Ойбек кириб келиб қолади. Уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб Зоҳид Ойбекнинг бошига кетмон билан зарба беради. Оғриқдан ерга йиқилган болакай титрай бошлайди. Шу дамда боласидан ҳавотирланган она боласини излайди. Аёлнинг овозидан чўчиб кетган қотил болани омборхонага олиб киради.

Шу пайт боласини излаб юрган Муҳлиса Азимбоева кўчадан туриб "Зоҳид" деб чақиради. Бир оз вақт ўтиб ичидаги ҳовурини босиб олган Зоҳид ҳеч нарса бўлмагандек чиқиб келади. Аёл ундан "Чақирсам чиқмадингиз? Ойбекни кўрмадингизми?", - деб сўрайди. Қотил унга: "Ухлаб қолибман, чақирганингизни эшитмабман", - дейди.

Аёл кетганидан сўнг Зоҳид уйга қайтиб мурғаккина гўдакнинг қўл ва оёқларини боғлаб, бўйнидан арқон билан бўғади. Сўнгра унинг бошига қайта ва қайта кетмон билан уради. Боланинг жасадининг чиқиндиларни ташлаш учун мўлжалланган ўрага ташлаб юборади ва устидан тупроқ билан кўмиб ташлайди.

alt

Ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан қидирув ва суриштирувлар олиб борилади. Бош прокуратуранинг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан бу даҳшатли жиноятлар уч кунда фош этилди. Отабоевлар ҳовлисидан уч нафар норасиданинг жасади кавлаб олинди. Зоҳид Отабоев умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинди.

Видео:

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *