Видео: "Менинг ўғлим Сурияга бормаган. Уни афв этинг!"
23 мая 2018, 14:13 2179 кўрилди

alt

“Тўй ҳашамларда, маҳалладаги катта-кичик йиғинларда одамлар мени кўриши билан диний экстремистлар, ваҳобийлар ҳақида гаплашишар эди. Менга ишора қилиб, “Шу одамнинг ўғиллари диний экстремистик қидирувда”, дейишарди, ҳикоя қилади Қодир ота. 

Қодир отанинг 4 нафар ўғли бор, у айни фарзандлар роҳат-фароғатини кўриб, умргузаронлик қиладиган ёшда. Аммо, мана икки йилдирки, Қодир ота мусофирликда юрган ўғилларининг диний экстремистик гуруҳга алоқадорликда гумон қилингани сабаб, Ватанга қайта олмаётганларидан армонда эди. 

Қодир отанинг икки катта ўғли 2013 йилдан буён Туркияда савдо ишлари билан шуғулланиб келган. Маълум бўлишича, кичик ўғил кўчада қилган безорилиги сабаб, ички ишлар идораси томонидан қўлга олинишидан чўчиб, Дубайга кетиб қолади. Кейинчалик у ердан Туркияга ишлагани кетади ва 2013 йилда акасини ҳам ёнига чақиради. Ойбек ва Отабек икки ака-ука у ерда тижорат билан шуғулланиб келган ва дам олииш кунлари Истанбулдаги ўзбекистонлик ҳамюртлари билан тамаддихоналарда йиғилишган. 

Ҳамюртлар йиғилган вақтларида диний мавзуларда суҳбат қилганлар. 2015 йилга келиб, уларни таниган йигитлар жиноят кодексининг 244-моддаси билан(диний экстремизмга алоқадорлик бўйича) Ўзбекистонда қўлга олинган ва шу икки йигит билан ҳамсуҳбат бўлганларини ҳам айтганлар ҳамда улар ҳақида яна бошқа кўрсатмалар ҳам берган. 

Қодир ота бу гапларни туҳмат деб билмоқда. Оқибатда Ойбек ва Отабекларга ҳам шу модда бўйича жиноят иши очилиб, улар қидирувга берилган. Ота олисдаги ўғиллари билан гаплашиб, уларнинг бу ишда айбдор эмасликларини айтиб, бир нечта жойга хат билан чиқиб, икки йилдан ортиқ овора бўлади. 2018 йилга келиб, Отабекка афв эълон қилиниб, у Тошкентга қайтиб келади. Отабек Тошкент халқаро аэропортидан тўғри уйга келганини, ички ишлар идорасига олиб кетилмаганини айтади: “2015 йилда менга нисбатан 244-модда бўйича иш қўзғалганини эшитиб, тўғриси Ватанга қайтиш умидимни узган эдим. Аммо жорий 2018 йилда менга нисабтан Президентимиз томонидан афв эълон қилинаётганини, бемалол юртимга қайтишим ва озодликда бўлишимни эшитиб, қувончим ичимга сиғмади. Ўша ердан туриб, афв сўраб хат ёздим. Бошимдан ўтганларни ёлғон аралаштирмай борини ҳикоя қилиб бердим. Мени авф этишди. Мусофирликда юртимни қаттиқ соғинган эдим. Мана, уйга қайтганимга 10 кундан ошди. Энди бу ерда янги бизнес бошлаш ниятидаман”, дейди Отабек. 

Президент томонидан берилган афв сабаб бугун Қодир отанинг фарзанди ёнида, келажакка режалар тузмоқда. “Агар, Ойбекка ҳам афв эълон қилинса, у ҳам бағримга қайтарди.. Унинг диний оқимларга алоқадорлиги бўлмаган”, дейди ота. 

“Қодир отанинг ўғиллари каби, тижорий иш билан хорижга кетиб, билиб-билмай диний экстремистлар домига тушиб қолган ёки улар билан алоқага киришиб, айбдорлар сафига қўшилиб қолган ҳамюртларимиз бугун афв сўраб юртимизга қайтиб, терговга тортилаётганлари йўқ. Қўли қонга ботмаган бўлса, афв этилади, улар ҳеч қандай терговларга тортилмайди. Қидирувда бўлиб, қайтган юртдошларимизга бугун имтиёзли уй олишда, ишга киришда ёрдам берилмоқда”, дейди Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов. 

Шуҳрат Турдиқулов билан яна Тошкент шаҳри бўйича бир нечта қидирувда бўлиб, афв этилган юртдошларимиз хонадонида бўлдик. Уларнинг барига ҳокимлик уй-жой муаммоси ва ишга жойлашиш бўйича ёрдам берилаётганининг гувоҳига айландик. 

Видео

ЎзА

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама