Уй-жой олди-сотдисида коммунал хизматлардан қарз йўқлиги ҳақида маълумот талаб этилмайди
09 апрел 2018, 16:11 5062 кўрилди

alt

Вазирлар Маҳкамасининг “Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 27 февралдаги 106-сон қарорига қўшимчалар киритиш ҳақида қарори (ВМҚ-269, 06.04.2018 й.) қабул қилинди.  Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали хабар беради.

Унга кўра, кўчмас мулкларни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини тасдиқлашда давлат нотариал идораси идоралараро электрон тарзда ҳамкорлик қилиш тизими орқали:

2019 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг барча ҳудудида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) электр ва газ таъминоти;

2021 йил 1 январдан бошлаб иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш бўйича қарздорлик ҳақидаги маълумотларни мустақил олади.

2018 йил 1 июлдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги нотариуслар кўчмас мулкларни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини тасдиқлашда нотариуслар қуйидаги маълумотларни фуқаролардан эмас, 

балки мустақил равишда электрон ҳамкорлик орқали автоматик тарзда текшириши лозим:

бино ва иншоотларнинг таркиби ва тегишлилиги тўғрисидаги;

солиқ тўловчининг идентификация рақамини;

доимий пропискага эга шахслар ёки вақтинчалик ҳисобда турувчи (вақтинча прописка қилинган) шахсларнинг паспортига оид маълумотларни.

Тошкент шаҳрида эса 2017 йил 1 июлдан бошлаб, кўчмас мулкларни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини тасдиқлашда талаб этиладиган ҳужжатларни (паспорт ва кадастр йиғма жилдидан ташқари) нотариуслар мустақил равишда электрон ҳамкорлик орқали текшириши шарт, дейилади хабарда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама