Қорақалпоғистонда 6 метрлик «одам» топилди
23 октябр 2017, 08:43 970 кўрилди

alt

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидаги тарихий Ақчахон қалъа ёдгорлигида Сидней университети профессори, археолог Алисон Беттс Ўзбекистон Қаҳрамони, археолог Ғ.Хожаниязов билан археологик тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Қазиш жараёнида қалъа марказидан девор расмлари топилган. Бу ҳақда Қорақалпоғистон ахборот агентлиги хабар берди.

Деворий расмларда йирик ҳажмдаги Зороастризм худоларининг, боғ ва қушларнинг расми тасвирланган. Шунингдек, топилмалар ичида 6 метрлик одам тасвирланган расмлар ҳам бор. Ҳозирда ушбу бебаҳо топилмаларни тозалаш, реставрациялаш ишлари олиб борилмоқда.

Ақчахон қалъа дастлаб 1937 йилда Москва Фанлар академияси ҳузуридаги Толстов экспедицияси томонидан очилган. Мазкур экспедиция 1945 йилгача Хорезм археологик экспедицияси деб номланган бўлса, ундан буён мустақиллик йилларигача Жданконинг раҳбарлигидаги этнографик экспедиция деб номлана бошлади. Мазкур экспедиция шу йиллар мобайнида Қорақалпоғистон ҳудудида, жумладан, Ақчахон қалъанинг тарихи бўйича фаолият олиб борди. Шунингдек, қалъани Андриянов, Ғуломовлар ҳам ўрганиб, мазкур ёдгорлик тарихини милоддан аввалги II, III IV асрлардаги Кушан даври билан боғлайди.

Амударёнинг ўнг томонидаги бу катта қалъанинг номи тўғрисида эса қатор манбалар мавжуд. 1910-1912 йилларда шу ҳудудда тадқиқот ишларини олиб борган россиялик тўпроқшунос Н.А.Димонинг ёзма манбаларида у «Аёз қалъа билан Қизилқалъа ва Ақчахан қалъанинг ўртаси маданий-тарихий эсдаликларга жуда бой экан», деб бу жойни Ақчахон қалъа, деб атайди. Ўрта аср ёзма манбаларида Қадимги Хоразмнинг пайтахти «Даржас» бўлган деган ҳам маълумот бор. Бу қалъа Ўрта Осиёда камдан-кам учрайдиган энг йирик қалъалардан бири.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама