Учкўприклик 81 ёшли онахон Ҳаж учун йиққан пулига маҳалласига сув чиқартириб берди
07 мая 2018, 14:23 1795 кўрилди

alt

Учкўприк туманилик 81 ёшли Зебунисо она Аҳмедова ҳаж зиёрати учун йиллар давомида жамғарган 50 миллион сўмдан ортиқ маблағига ўзи яшаётган Янгиобод маҳалласи аҳолиси учун тоза ичимлик суви чиқартириб берди, деб ёзади "Халқ сўзи".

— Динимиз арконларига кўра, ҳаж зиёратига борган одамнинг оиласида эҳтиёжи ва қарзи йўқ, тўқ ва тўкин бўлиши керак экан. Маҳаллам ҳам менинг оилам. Улар қишнинг совуқ, ёзнинг жазирама кунларида уч чақирим наридан сув ташиб келишаётганда, мен қандай қилиб бемалол ҳаж зиёратига бораман. Ёш келинларимизнинг қийналаётганлигини кўрсам юрагим эзилиб кетади. Тўғриси, буни ўзимга қабул қила олмадим, — дейди Зебунисо она.

Янгиобод маҳалласида авваллари таъмирталаб аҳволга келиб қолган сув тармоқлари мавжуд. Бироқ ер ости қувурларининг яроқсиз аҳволга келиб қолиши натижасида сув босими жуда пасайиб кетди. Зебунисо ая Аҳмедованинг ташаббуси билан янги қудуқ кавланиб, маҳалладошлари хонадонларига сув кириб борди.

Шу билан бирга, ҳудуддаги 49-умумтаълим мактаби, оилавий поликлиника ва 6-мактабгача таълим муассасаси ҳам барқарор сув таъминоти билан таъминланди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама