Тошкент вилоятининг 4 туманидан бўлган 8 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи ўтказилди
05 мая 2017, 11:33 1661 кўрилди

alt

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бир қатор жамоат ташкилотлари иштирокида мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган никоҳ ва суннат тўйлари давом этмоқда.

Ушбу тадбирлар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағри­кенг­лик ва хайр-саховат муҳитини янада мус­таҳкамлаш мақсадида юртимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Ана шундай хайрли тадбирлардан бири куни кеча Ўрта Чирчиқ туманидаги “Хумо” тўйхонасида бўлиб ўтди. Мазкур тантаналар саройида Юқори Чирчиқ, Оққўрғон, Ўрта Чирчиқ, Паркент туманларидан бўлган 8 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи ўтказилди.

Тадбирларда эл орасида обрў-эътиборга эга бўлган отахон ва онахонлар, турли ютуқларни қўлга киритиб, давлат мукофотларига сазовор бўлган инсонлар, ибратли оилалар вакиллари, таниқли санъаткорлар, эстрада гуруҳлари, театр ва кино актёрлари, шоир ва ёзувчилар иштирок этдилар. Эл ардоқлаган инсонлар ҳам янги оила қураётган ёшларга ўз эзгу ният ва истаклари ила бахт ва омадлар тиладилар.

Тўй тантаналари давомида ёш келин-куёвларга тўй совғаси – замонавий мебеллар тўплами, никоҳ узуги ва сарполар ҳадя этилди.

– Ўтган йили бошимизга мусибат тушган – отамиз оламдан ўтган эдилар, – дейди янги оила қураётган ёшлардан бири бўлган Эр­ғали Мўминтоевнинг акаси Эрман Мўминтоев. – Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ экан. Отамиз тўй кунини белгилаб, энди келин тушираман, деган бир пайтда тақдир экан, бу кунларни кўриш насиб этмади. Қарангки, давлатимиз томонидан юксак эътибор кўрсатилиб, оталарча ғамхўрликни туйиб турибмиз. Бугун укамнинг ҳурсандчилиги ичига сиғмаяпти. Тўй ташкилотчилари ёш оила учун нима керак бўлса, ҳаммасини муҳайё қилишди. Ўз фарзандларига бундай эҳтиром кўрсатадиган юрт, давлат раҳбари бошқа жойда бўлмаса керак. Барчаси учун давлатимизга, ҳукуматимизга беҳад миннатдорчилик билдирамиз.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси  Кенгаши матбуот хизмати

Шархлар
Реклама