Тошкент шаҳар ИИББда махсус тергов мажмуаси очилди (+фото)
17 апрел 2018, 09:59 731 кўрилди

alt

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармасида сўроқ жараёнини стенография усулида ёзиб олиш, видеокузатув, шунингдек, аудио ва видео қайд этиш тизими билан жиҳозланган махсус мажмуа очилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар беради.

Оператор хонаси ҳамда гумон қилинувчи ва айбланувчи бевосита сўроқ қилинадиган бошқа хона ўртасида Гезелл ойнаси ўрнатилган. Яна бир хона эса болалар ўйин майдончаси кўринишида жиҳозланган: бу ерда жиноятдан жабрланган ёки унга гувоҳ бўлган вояга етмаганлар сўроқ қилинади.

Maxсус хоналарнинг ташкил этилиши фуқароларнинг, хусусан вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини судга қадар иш юритувда ҳимоя қилишни кучайтиради, оғир ва ўта оғир жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш самарадорлигини оширади. Гезелл ойнаси билан ўзаро боғланган махсус хоналар гумон қилинувчининг жабрланувчи ва гувоҳлар, жумладан, болалар билан тўғридан-тўғри алоқасини чегаралаган ҳолда сўроқ, шахсни таниш ва бошқа тергов ҳаракатларини олиб боришга имкон яратади. 

Таъкидланишича, бу каби махсус хоналар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли кафолатларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймаслик, тергов қилиш жараёнида далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда далиллар мақбуллиги талабларига оғишмай ва қатъий риоя қилиш, шунингдек жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд қадр-қимматни камситувчи муомала турлари каби ноқонуний усулларни қўллашни бартараф этишга хизмат қилади.

ФОТО

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама