Самарқандда маҳалла раиси нега қотилликка қўл урди?

авг 01 / 2018

alt

Самарқанд вилоятидаги Дарғом каналидан эркак кишининг жасади топилди. Фуқаронинг сувда чўкиб ўлмагани ёки бахтсиз ҳодиса қурбони бўлмагани унинг танасидаги жароҳат изларидан маълум эди, дейилади Zarnews берган хабарда.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг куч ва воситалари ушбу жиноятни очишга сафарбар этилди. Қилни қирқ ёрувчи ходимлар, аввало, марҳумнинг шахсини аниқлаш, сўнгра унинг ўлими сабабларини суриштиришга киришди. Ушбу жараён давом этаётган пайтда Самарқанд шаҳрида эгасиз қолдириб кетилган автомашина топилди. Бу мудҳиш жиноят калавасининг учини топишга ёрдам берди. "Нексия" Ургут туманида яшовчи фуқарога тегишли экани ва у айнан Дарғом каналидан топилган марҳум экани маълум бўлди.

Тезкор қидирув ва суриштирув ишларидан жиноят тафсилотлари ва бу мудҳиш қотилликка қўл урган шахслар аниқланди. Воқеа машина топилган Самарқанд шаҳрида эмас, Ургут туманининг Тароқли маҳалласида содир бўлган экан.

..."Тароқли" маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.Олимов шу маҳаллада яшовчи Р.Дўлановадан (жиноятга алоқадор исм-шарифлар шартли) 2015 йилда 1000 доллар миқдорида қарз олади. Аммо қарзни вақтида қайтара олмайди. Кунларнинг бирида Р.Дўланова маҳалла раисига қўнғироқ қилиб, фуқаро Б.Бердиев уни доимий равишда ҳақоратлаб, хўрлаб келаётганини айтади. Шундан сўнг икковлон Б.Бердиевдан ўч олишни режалаштиради ва бу иш амалга ошса, Р.Дўланова маҳалла раисининг қарзидан воз кечишини билдиради.

Ушбу шарт А.Олимовга ҳам маъқул тушади ва у Р.Дўланованинг хонадонида Б.Бердиевнинг мастлигидан фойдаланиб, унинг бошига болта билан уриб, ўлдиради. Жиноий шериклар – А.Олимов ва Р.Дўланова жиноят изини яшириш ва муқаррар жазодан қутулиб қолиш мақсадида Б.Бердиевнинг жасадини кўрпача ва гиламга ўраган ҳолда марҳумга тегишли бўлган "Нексия"нинг юкхонасига ортади. Сўнгра жасадни Тойлоқ туманининг Давлатобод қишлоғидан оқиб ўтувчи Дарғом каналига ташлаб юборишади. Эртаси куни эса машинани Самарқанд шаҳрига олиб бориб, ўша ерда қолдириб келишади.

2017 йилнинг июль ойи бошларида содир бўлган мазкур жиноят унинг ижрочилари ўйлаганидек изсиз кетмади. Қисқа фурсатларда фош этилиб, қотилликка қўл урган шахслар қўлга олинди ва суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилди. Айни пайтда улар жазони ўтамоқда. Лекин Тароқлида рўй берган мудҳиш қотилликни кишилар ҳали унутгани йўқ.

Шу йилнинг 27 июлида президент раислигида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам Тароқлида рўй берган жиноят тилга олиниб, маҳалла раисининг бундай ишга бош қўшгани кескин танқид қилинди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида туманда 262 та жиноят қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 112 тага кам бўлса-да, ҳар бир жиноят ортида инсон, оилалар тақдири турганини ҳисобга олсак, битта бўлса-да, қонунга зид ҳолат жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитга, ёшлар таълим-тарбияси, келажагига салбий таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш масалаларига фақатгина ҳуқуқ-тартибот идораларининг эмас, барча давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчиликнинг вазифаси сифатида қараш лозим. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *