Сув йўқми ёки эътибор? Андижонда узоқ йиллар фойдаланилмаган темир қувурлар занглаб, яроқсиз аҳволга келиб қолган

июн 25 / 2018
alt
 
Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги кўплаб маҳаллаларда тоза ичимлик суви муаммоси мавжуд. Аҳолининг 13-40 метрли қўлбола сув тортиш кранларини ўрнатишига тўғри келган. Кўплаб ҳудудларда сув миноралари мавжуд эса-да, ишламаётгани кишини янада таажжублантиради, дея ёзмоқда "Оила даврасида" нашри.
 
Маълум бўлишича, туманнинг Ўлмас маҳалласидаги Маърифат кўчасида жойлашган ҳудуддаги барча кўчаларни ичимлик сув билан таъминлашга хизмат қиладиган минора 2005 йилдан буён ишламайди. Ўн уч йилдирки, у захлаб, тешилиб, чириб кетган...
 
Бу муаммонинг бошланиши, холос. Тумандаги Маллачек маҳалласида эса аҳвол ундан ҳам оғир. Найман, Мевазор ва Меҳр нури кўчаларида жойлашган 569 та хонадон ичимлик сувдан бутунлай мосуво. Табиийки, узоқ йиллар фойдаланилмаган темир қувурлар занглаб, яроқсиз аҳволга келиб қолган. Ушбу маҳаллада 3 километр сув тармоғини қайта таъмирлаш ҳамда 5 километр янги қувур тортиш, Меҳр нури кўчасида жойлашган ичимлик сув минорасини таъмирлаш масаласи ечимини кутаётган бирламчи вазифалар қаторида турибди.
 
Оқтепа маҳалласидаги Наврўз ва Ишчилар кўчаларидаги мавжуд тармоқларда 2003 йилдан буён ичимлик сув умуман йўқ. Водий гавҳари кўчасига эса, ҳатто, водопровод қувурлари ҳам ўтказилмаган. Шу билан бирга, маҳалланинг Ишчилар кўчасида жойлашган сув минораси ҳам 2003 йилдан  буён ишламайди.
 
Одамлар дардини эшитсангиз, Водий гавҳари кўчасига ёндош Сиза маҳалласидаги тармоқни улаш ҳамда 2,5 километр тармоқ тортиш лозимлигини айтади. Маҳалла ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тегишли мутасаддиларга Наврўз кўчасига 900 метр масофадаги ичимлик сув тармоғини қисқа муддатларда ишга тушириш вазифасини топширди. Шунингдек, миноранинг сув насоси таъмирлаш учун устахонага юборилди, ҳомийларни жалб этган ҳолда, таъмирлаш ҳаражатлари қоплаб бериладиган бўлди. Мазкур ишларнинг тўлиқ ҳажмда бажарилиши 1410 нафар аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш даражасини сезиларли яхшилайди.
 
Балиқчи туманининг Қаҳрамон, Навниҳол, Янги ҳаёт,  Насриддинобод маҳаллаларида ҳам шароит анча оғир. Аҳоли тоза ичимлик сув йўқлигидан анча йиллардан буён қийналмоқда. Ачинарлиси, уларнинг барчасида узоқ йиллар сув тармоғи яхшигина ишлаб, эҳтиёжлари қоплаб келинган. Бироқ масъулларнинг эътиборсизлиги, ишга совуққонлик билан қараши, узоқни кўра билмаслиги ортидан тизим охирги йилларда ишламай қолган.
 
40-мактаб ҳудудида жойлашган сув минорасининг аҳволи жуда аянчли. Мазкур иншоотни янгилаш орқали нафақат Қаҳрамон маҳалласининг, балки қўшни Адолат ва Қўрғонча маҳаллаларида яшовчи аҳолининг ҳам ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини қондириш мумкин.
 
Навниҳол маҳалласи раиси Абдуғаффор Абдуллаевнинг таъкидлашича, 10 тонна сув сиғимига эга минора бочкаси тешилгани бўйича ямалмай қолиб кетган. Аҳолига ичиш учун яроқли сув 45 метр чуқурликдан чиқмоқда. Битта шундай ускунани қуриш нархи 3-4 миллион сўмга тушмоқда. Ҳамманинг ҳам қудуқ қаздиришга имкони йўқ. Шу сабабли маҳалла аҳли сувдан қийналяпти.
 
Ушбу маҳалланинг Истиқбол кўчасига 750 метр, Бунёдкор кўчасига 300 метр масофадаги ичимлик сув тармоғини тортиш ишларини амалга ошириш учун «Саҳоват унуми» хусусий корхонаси бириктирилди. Шунингдек, миноранинг сув насоси таъмирлаш учун устахонага юборилди. Тармоқ яна ишга тушса, 2380 нафар аҳоли тоза ичимлик сув билан таъминланади.
 
 — Ичимлик сувидан бинойидай фойдаланиб келардик, — дейди аҳоли вакилларидан бири Ҳусанбой ЭРГАШЕВ. — 2007 йилдан буткул сувсиз қолдик. Аввал мотор куйди, кейин электрга пул йўқ, деб узиб қўйишди. Ҳозир кўриб турган «качалка»ни ўн йил деганда ўрнатдим. 40 метр ер қаъридан тиниқ сув оляпмиз. Аммо сув минорасининг қувурлари 250 метрли бўлиб, унинг суви бўлакча эди. Тортиб олгандан кўра, оқиб келгани анча қулай. Бу масала бўйича мурожаат қилмаган ташкилотимиз қолмади. Энди қувурлар ҳам чириб битди. Агар минора ишга тушганда ҳам қувурларни тўлиқ янгилаб чиқиш керак...  
 
Ўйлаб қоласан киши: тумандаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланилмаётганига қандай баҳо бериш мумкин? Бугун сув илинжида бир киши ўн метр ерни қазиса, эртага бошқаси йигирма, ўттиз ва ҳатто, қирқ метр қазиб, беқиёс бойлигимиздан тартибсиз фойдаланмоқда. Тўғри, сув инсон учун энг бирламчи эҳтиёж. Бу тушунарли. Бироқ йиллар ўтиб, ер остида чучук сув ресурслари истиқболи қандай бўлади? Буни ким ўйлайди?
 
Ўрганишлар жараёнида сув таъминоти ташкилотлари зарур моддий-техника базаси, замонавий ускуналар, машиналар, механизмлар, таъмирлаш-фойдаланиш ва ўлчов техникаси билан жиҳозланмагани аниқланди. Сув босимини ҳосил қиладиган минора ва резервуарлар ҳар бири атрофида бир неча ўн сотих унумдор ерлар бор. Айримлари мутлақо қаровсиз, фойдаланилмасдан ётибди. Баъзиларида эса, ойлик олмай ишлаётган қоровулларга иш ҳақи эвазига ушбу ерлардан фойдаланиш имконияти берилган.  
 
Аҳоли сонининг муттасил ортиб бораётгани, янги тураржой массивларининг барпо қилинаётгани, энергия ва табиий манбаларни тежайдиган замонавий технологиялар жорий этиш асосида сув олиш иншоотларини, сув қувурлари, насос станциялари, тақсимлаш узеллари ва водопровод тармоқларини модернизациялаш чоралари кўрилмаса, кафолатланган сув таъминотини йўлга қўйиб бўлмаслиги аниқ.
 
Бугун Президентимиз жон куйдириб айтаётган, барча бўғиндаги раҳбарларни шунга даъват этаётган масала — халқимизни рози қилиб яшаш учун оддий қишлоқ одамларининг ҳам муносиб турмуш шароитларини яратиш, энг аввало, уларнинг бирламчи эҳтиёжларини қондириш ҳал қилувчи масалалардан ҳисобланади. 
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *