Сурхондарёда ички ишлар тизимидаги 8 нафар раҳбар ишдан олинди

авг 06 / 2018

alt

Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигида текширув гуруҳи айни пайтда Сурхондарё вилоятида ўрганиш ишларини олиб бормоқда, деб хабар берди ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.

2 август куни Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири П.Бобожонов бошчилигида ўрганишларнинг якунига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда қайд этилишича, вилоятнинг Термиз ва Шеробод туманларида айнан июнь ойининг ўзида жиноят қидирув йўналиши бўйича содир этилган жиноятлар сони кескин ошгани, Термиз туманида жорий йилнинг олти ойида содир этилган жиноятларнинг 18 таси ёки 44 фоизи июнь ойида қайд этилгани танқид остига олинди. Жорий йилнинг олти ойи мобайнида 717 та маҳалланинг 308 тасида ёки 43 фоизида жиноят содир этилган.

Мажлисда айрим ички ишлар органлари ходимлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимда бўлаётган ўзгаришлар, хизмат фаолиятига алоқадор меъёрий ҳужжатларнинг туб мазмун-моҳиятини англамай, эскича услуб ва дунёқараш билан хизмат олиб бораётганлиги қайд этилиб, қатор раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли англаб етмасдан бугунги кун талабларига жавоб бермагани, фуқароларнинг манфаати йўлида жонбозлик кўрсатмагани учун бир қатор ходимларга нисбатан интизомий жазолаш чоралари кўрилди.

Жумладан, хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлиб, хизматни самарали ташкил этиш чораларини кўрмаганлиги, қўл остидаги ходимлар фаолиятини талаб даражасида назорат қилмагани оқибатида шахсий таркиб ўртасида тартиб-интизом сусайиб кетишига сабабчи бўлганлиги учун вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи И.Халилов, Термиз шаҳар ИИБ бошлиғи Ж.Ҳасанов, Шеробод туман ИИБ бошлиғи Д.Кенжаев, Термиз шаҳар ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А.Акрамов, Шеробод туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ҳ.Хамитов, Бойсун туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Б.Хушбаков, Узун туман ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари С.Хамираев, Термиз туман ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Ш.Мўминовлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, Жарқўрғон туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари С.Валиев, Термиз туман ИИБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари Б.Аминқулов, Жарқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи И.Ибрагимов, Ангор туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи И.Хушбақов, Музработ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи А.Аҳмедовларга «ҳайфсан» интизомий жазоси берилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *