Сурхондарёда 45 ёшли талаба аёл товламачилар гирдобига тушди

окт 09 / 2018

 

– 63 ёшдаги нафақахўр Тожикистондаги ОТМга ўқишга кирган аёлни ўқишдан ҳайдатиб юбораман, енгил табиатли аёл сифатида номингни чиқараман, дея қўрқитиб, 500 доллар талаб қилади

– 300 долларга ҳисоблаб, 2 млн 400 минг сўм пулни олаётганида ашёвий далиллар билан ушланди

45 ёшли талаба аёл товламачилар гирдобига тушди

Узун тумани Маландиён маҳалласида яшовчи 63 ёшдаги нафақахўр Азнур Манчехров 45 ёшдаги аёлнинг талаба бўлганидан фойдаланиб, ундан пул ундирмоқчи бўлади, деб хабар қилади ЎзА.

Сариосиё тумани Афросиёб маҳалласида яшовчи М.Ашурова (исм-шарифлар ўзгартирилди) жорий йил Тожикистон молия ва иқтисодиёт институти сиртқи бўлими бухгалтерия факультетига шартнома асосида ўқишга қабул қилингач, контракт-шартнома пулининг 50 фоизини тўлаб, талабалар сафига қўшилганидан суюниб юрганида устаси фаранг товламачи гирдобига тушиб қолади. Узун тумани Маландиён маҳалласида яшовчи 63 ёшдаги нафақахўр Азнур Манчехров 45 ёшдаги аёлнинг талаба бўлганидан фойдаланиб, ундан пул ундирмоқчи бўлади. Бу ҳақда М.Ашурова ички ишлар бўлимига мурожаат этиб, ҳуқуқ посбонларидан тегишли ёрдам сўраган.

Жабрланувчининг аризасига кўра, А.Манучехров М.Ашурова билан учрашиб, “шартномаларинг бекор. Агар менга 500 доллар бермасанг танишларим орқали ўқишга кирганлигинг ҳақидаги буйруқни бекор қилдираман. Ўқишга кирган бўлсанг ҳам ҳайдатиб юбораман. Сариосиё ва Узун туманида енгил табиатли аёл сифатида номингни чиқараман”, дея қўрқитиб, пул талаб қилади. Аёл оилавий аҳволи оғирлигини айтгач, товламачи ундан 300 доллар беришини, камига эса аҳлоқсизлик қилишига мажбур қилмоқчи бўлади. 

Фуқаронинг мурожаати асосида вилоят ва Узун тумани ички ишлар идораси ходимлари томонидан Денов туманидаги “Фаррух” ошхонаси ҳудудида ўтказилган тадбир чоғида А.Манучехров М.Ашуровадан 300 долларга ҳисоблаб, нақд 2 миллион 400 минг сўм пулни олаётганида ашёвий далиллар билан ушланди.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *