Сиэтл шаҳрида Ўзбекистон ёшлар уюшмаси бўлими очилади
10 апрел 2018, 12:14 2221 кўрилди

alt

Тошкент шаҳар ҳокимияти делегацияси Тошкент ва Сиэтл ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилганлигининг 45 йиллиги ҳамда Сиэтлда Наврўз байрамини нишонлашга бағишланган тадбирларни нишонлашда иштирок этиш учун АҚШга ташриф буюрди, дея хабар беради "Жаҳон" Ахборот агентлиги.

Тантаналарда 400 дан ортиқ киши хусусан, Сиэтл маъмурияти, Тошкент-Сиэтл биродар шаҳар ассоциацияси, Вашингтон университети, Ўзбекистон диаспраси вакиллари ҳамда Америка қўшма штатлари фуқаролари ва Сиэтл шаҳри аҳолиси иштирок этди.

Байрам тадбирлари доирасида ўзбек рақс гуруҳлари, мусиқачи ва ижрочилар томонидан маданий дастурлар, миллий либос кўргазмаси ҳамда Ўзбекистон билан боғлиқ фото материаллар намойиши бўлиб ўтди.

Тадбирга сўзга чиққан ассоциация вакиллари сўнгги йилларда Наврўз байрами Сиэтл шаҳрида оммалашганини таъкидлаб, буларнинг барчаси ассоциациянинг  45 йиллик фаолияти меваси эканини қайд этишди. Сиэтл шаҳри кенгаши аъзоси Тереза Маскеда ўз нутқида ассоциациясининг фаолиятни ҳамиша қўллаб-қувватлашини билдириб, бу саъй-ҳаракатлар икки мамлакат халқалари ўртасидаги муносабатлар ҳамда маданий, маърифий ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилганини қайд этди.

Ўзбекистон томонидан делегация раҳбари Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дилбар Нажмиддинова ва Ўзбекистоннинг қўшма штатлардаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов сўзга чиқди. Делегация вакиллари Сиэтл шаҳрида истиқомат қилаётган юртдошларимиз билан ҳам учрашишди. Улар билан Ўзбекистонни ривожлантириш ҳақида фикр алмашилди. Мисол учун, "Фейсбук", "Амазон" ва "Майкрасофт" компаниялари мутахассилари билан биргаликда юртимиз дастурчилари учун малака ошириш курслари ва семинарлар имкониятлари муҳокама қилинди. Музокаралар давомида Сиэтл шаҳрида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти сифатида Америка қўшма штатларида Ўзбекистон ёшлар уюшмаси бўлимини очиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Республика ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан шу йилнинг сентябрь ойигача диаспрага 1000 та ўқув ва бадиий адабиётлар тақдим этиладиган бўлди.

Ташриф доирасида Тошкент шаҳар ҳокимияти делегацияси Сиетл шаҳар кенгаши йиғилишида ҳам иштирок этишди. Кенгаш раҳбари Харел икки шаҳар ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилганлигининг 45 йиллиги муносабати билан расмий прокламацияни ўқиб эшиттирди.

Йиғилишда шунингдек, ўзбек-америка алоқаларининг  ривожланишида халқ дипломатиясининг тутган ўрни ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Сиетл вице-мери Ранганатан билан ўтказилган алоҳида учрашувда мезбон томонидан бошқа 22 та биродар шаҳар орасидан айнан Тошкент шаҳри билан ҳамкорлик фаол мустаҳкамланаётганлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, Сиэтл МДҲдаги шаҳарлар орасида биринчи Тошкент шаҳри билан биродар шаҳар мақомига эга бўлган.

Шархлар
Реклама