Шерзод Қудратхўжаев: "Журналистлар ижодий уюшмаси фаолияти эскирган, ундан нафталин ҳиди келяпти"

июл 17 / 2018

alt

“Халқаро Пресс Клуб” раҳбари Шерзод Қудратхўжаев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда “Ўзбекистон 24” радиосининг қўшма лойиҳаси асосидаги “Прайм Тайм” эшиттиришида Журналистлар ижодий уюшмасини дангасаликда ва ишлаш принциплари эскирганлигида айблади.

“Журналистларнинг ўзи йил давомида қилган меҳнатларини, ижод намуналарини тўплаб, уюшмага “Мени тақдирланг”, деб тақдим этишлари эскирган усул. Бу усуллардан аллақачон воз кечишимиз керак эди. Ҳамкасбларим хафа бўлишмасин-у, аслида улар йил давомида эфирга узатилган материаллар ва босма, интернет нашрларини мониторинг қилишлари, кейин совриндорларни аниқлашлари лозим.

Телерейтинглар бўлиши керак. Афсуски бундай эмас. Ҳамкасбларимиз салқин хоналарда кўк чой ичиб, тайёр материални ўрганиб чиқишга ўрганиб қолишган. Журналистларнинг ўзи елиб-югуриб ижодларини тақдим этади ва 5-6 киши материалларни ўрганиб чиқиб, улардан бирини тақдирлайди.

Бу йил “Йилнинг энг фаол журналисти” бўлган ғолибнинг исми ҳам ёдимда қолмаган. Қизиқ, уни халқ танирмикан? Кечирасиз, бу объектив ёндашув эмас. Энг яхши журналистларни халқ таниши ва эътироф этиши керак эмасми?! Жаҳон стандартларига ўтиш вақти келди”, дейди Шерзод Қудратхўжаев.

Бундан ташқари, суҳбат давомида Шерзод Қудратхўжаев “Олтин қалам” Миллий мукофоти бир кишига фақатгина бир маротаба берилиши тартибини ҳам танқид қилди.

“Оскар” мукофотини беш маротаба қўлга киритган актёрлар бор. Муносиб меҳнат қилган киши нима учун ҳар йили мукофотланиши керак эмас?! Нега “бу йил фалон вилоятни тақдирлаймиз, ўтган йили уларга берилмаганди”, деган фикрга қўшилишимиз керак?! Объективлик қани? Муносиблар тақдирланиши керак. Журналистлар ижодий уюшмаси фаолияти эскирган, ундан нафталин ҳиди келяпти”, деди журналист Шерзод Қудратхўжаев.

UZ24: ХАБАР ВА ЯНГИЛИКЛАРНИ TELEGRAM'ДА ҲАМ КУЗАТИБ БОРИНГ

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *