Шавкат Мирзиёевга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини бериш таклиф қилинди
13 мая 2018, 21:57 1993 кўрилди

alt

Жамоавий мурожаатлар портали — Meningfikrim.uz’да Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевни олий даражадаги мукофот «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирлаш тўғрисида таклиф билдирилди.

«Ҳурматли сенаторлар ва депутатлар! Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтидаги «Мукофотлар» рукнига кирилганида, Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев давлат ва бошқарув органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини юксалтириш ишига улкан ҳисса қўшгани учун «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланганлигини кўришимиз мумкин. Лекин бизнинг фикримизча, ушбу инсоннинг қилган барча ҳаракатларига давлатимиз томонидан ҳали етарлича баҳо берилмаган ва ҳозирча муносиб равишда тақдирланмаган. Бизнинг ҳаётимизга ёрқин нур олиб кирган, хонадонларимизда хурсандчиликни кўпайтирган, қўшни халқлар билан муносабатларни юқори поғоналарга кўтарган, қишлоқларимиз ва шаҳарларимизни гўзал қилиб бераётган Юртбошимизни Аллоҳнинг ўзи асрасин. Халқимиз ардоғидаги Президентимиз муносиб равишда тақдирланиши керак», дейилади мурожаатда.

Мурожаат остида фикр билдирганларнинг барчаси Шавкат Мирзиёев ушбу олий мукофотга лойиқ эканлигини таъкидлашган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Шархлар
Реклама