Шаръий никоҳнинг белгиланган нархи аслида қанча?

сен 17 / 2018

alt

Яқинда икки кишининг суҳбатига гувоҳ бўлдим.

- Нима, уларни тартибга соладиган ҳеч ким йўқми? - деди бири хуноб бўлиб.

- Тушунмадим, кимни айтяпсиз? - ҳайрон бўлиб сўради иккинчиси.

- Кимни бўларди, баъзи имом-хатибларни-да. Неварамнинг никоҳини ўқитишда нархига роса тортишдик. 150 минг сўм берасан, деб оёқ тираб олса бўладими? 130-140 минг сўм берай, десам кўнмайди. Айтган пулини бермагунимча никоҳ ўқимади. Наҳотки, бу борада диний идораларнинг бирор йўриқномаси бўлмаса?

Очиғи, бу акахонимизнинг эътирози мени ҳам қизиқтириб қўйди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили З.Эшонқуловнинг 2017 йил 29 декабрдаги 20-сонли буйруғи билан танишиб чиқдим. Унда шундай дейилган экан:

"Шаръий никоҳ ўқишни тартибга солиш, ноқонуний никоҳ ўқилишининг олдини олиш, оталикни белгилашда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида ФҲДЁ гувоҳномаси асосида шаръий никоҳ учун масжид кирими 2018 йил 1 январдан эътиборан Самарқанд вилоятида 100 000 (юз минг) сўм қилиб белгилансин.

Кам таъминланган ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга тегишли ҳужжатлар асосида никоҳнома қоғозини бепул бериш инобатга олинсин".

Ушбу маълумотни кенг халқ оммасига етказиш, маҳалла идораси ёки масжиднинг эълонлар тахтасига ёзиб қўйиш наҳотки шунчалик қийин бўлса. Шундай йўл тутилганда юқоридаги каби тушунмовчиликлар учрамасмиди.

Манба: Zarnews.uz

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *