Риштонлик тадбиркор ҳисобидан ва ҳашар йўли билан қурилган кутубхона ҳокимлик томонидан бузиб ташланмоқчи
08 феврал 2018, 12:03 770 кўрилди

alt

Аввалроқ риштонлик тадбиркор Дилшод Болтабоев шаҳар марказидаги деҳқон бозори ҳудудида ўз ҳисобидан халқ кутубхонаси очгани ҳақида хабар қилинганди. Ушбу халқ кутубхонаси ҳашар йўли билан кенгайтирилган ва бунга Риштон тумани ҳокимлигидан рухсатнома олинган. Тадбиркорнинг ўзи ҳам кутубхона учун жой ажратилишида бевосита кўмаклашган Риштон тумани ҳокими Ғайратали Мамадалиевга миннатдорлик изҳор этган эди.
 
Бироқ бугун Дилшод Болтабоевнинг Фейсбукдаги саҳифасида кутубхона бузилиши мумкинлигидан хавотирланиб Президентга номига ёзилган очиқ хат (илтимоснома) пайдо бўлди. Ушбу Илтимосномани тўлиқ ҳолда ҳавола этамиз:
 
"Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Фарғона вилояти Риштон тумани Мискин МФЙ Эҳтиром кўчаси 23-уйда яшовчи ҳунарманд тадбиркор Дилшод Болтабоевдан очиқ хат (илтимоснома)

Ота-онам нафақадалар, мен эса Риштон тумани деҳқон бозорида тунука ва печка маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаман. Бозор ҳудудида қонуний жойимда сентябрь ойида китоб ва китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида қарорларингиздан илҳомланиб бозорга ўз кутубхонамдан китоблар олиб чиқдим. Кейин интернетдаги дўстларимга илтимос қилдим. Китоблар ёғилиб кела бошлагандан сўнг, Халқ таълими вазири ўринбосари Алишержон ва Риштон тумани ҳокими билан суҳбатлашиб, улардан рухсат олиб, ўз дўконимдан 12 кв. метр жойида қурилиш ишларини бошлаб, 25 кунда замонавий "Рошидоний" халқ кутубхонасини қуриб битказдим. Кутубхона очилганига уч ой бўлган бўлса, китоблар сони 1500 донадан ошди. Ўқилган китоблар, ўқувчилар сони 1000 дан ошди.

Бу қурилишга барча юртдошларим хайрия акцияси қилиб пул беришди, мен эса ҳаммасини шу кутубхонага сарф қилдим.

Кеча Риштон туман ҳокими ёнида ўтириб буйруқ олган қурилиш архитектори бошлиғи тонгда туман ИИБ, туман ёнғин хавсизлиги билан чиқишиб "Сен ноқунуний қурдинг", деб обрўйимга путур етказди. "Кечагина ёнларида эшитдингиз-ку, ҳокимни гапини", десам ҳам тан олмади. Кейин янги Риштон туман хокимини ёнларига кирдим ва 30 млн.дан ортиқ пул сарфлаганимни айтдим. Улар "Бошқа жойдан жой бериб, кредит бераман", дедилар. Мен "Бошқа жойга боролмайман ва у жойни қуришга берилган кредитни тўлолмайман, гаровга қўйишга хеч нимам йўқ. Ҳар куни ўқувчилар китоблар олиб кетишмоқда. Бир кунда 20-25 дона кетади, албатта бепул тарқатяпман, ёнида дўкончамда савдо қиляпман. Сиздан илтимос, шу жойим бузилмаслиги учун ўқувчилар ва ўз номимдан ўтиниб сўрайман, бузишмасин. Ҳеч қандай ёнғинга ва ҳакозоларга ҳалақит қилмайди", дедим.

Кутубхонанани Риштон тумани ҳокимлигининг ҳеч қандай ёрдамисиз қурган эдим.

Сизнинг "Жаҳолатни маърифат билан енгамиз", деган сўзларингиз доим қулоғимда жаранглайди. Илтимос, ўтиниб сўрайман, кутубхонани бузишмасин. Ёрдам беринг.

Қишлоқда кутубхона бор, лекин, шароити йўқ. Ҳам масофа узоқ, у ерга ҳеч ким бормайди. Мен қурган бепул кутубхона бозор ичида. Бозорга юмуш билан келган одам олиб кетяпти, албатта, бепул.

Ҳурмат билан, Дилшод Болтабоев".

Изоҳ:  Мазкур Очиқ хат сайтга қўйилганидан бир неча соат ўтиб, муаллифнинг Фейсбукдаги саҳифасидан ўчирилди. Бу масаланинг ижобий ҳал бўлгани билан боғланмоқда. 

Шархлар
Реклама