Риштонлик тадбиркор ўз ҳисобидан халқ кутубхонаси очди
27 октябр 2017, 14:25 930 кўрилди

alt

Риштон туманида яшовчи тадбиркор Дилшод Болтабоев шаҳар марказидаги деҳқон бозори ҳудудида халқ кутубхонаси очди.

"Халқ сўзи" газетаси ёзишича, Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрда имзоланган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори эълон қилингач, тадбиркор анчадан бери ўйлаб юрган нияти — бозор ҳудудида бир кутубхона ташкил этиш ҳаракатига тушиб қолди. Бу ниятини ижтимоий тармоқлар орқали билдириб, бунинг учун унга босма китоблар юбориш мумкинлигини эълон қилди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 28 йил тўлган кунда Риштон шаҳри марказидаги деҳқон бозори ҳудудида 400 га яқин китобни жамлаган “Рошидоний” номидаги халқ кутубхонаси очилди.

Китоблар халқдан йиғилди. Бу ҳақда тадбиркорнинг ўзи шундай дейди:

"Президентимизнинг китобга бўлган юксак эътибори менга қанот бағишлади. Меҳр ва иштиёқ билан кутубхона ташкил этишга киришдик. Очиғи, 15 — 20 кунда бунчалик кўп китоб йиғилади, деб ўйламагандик. Жавонимизга баъзи китоблар сиғмай ҳам қолди. Таниқли ёзувчи ва шоирлар ўз асарларини юборишганида, айниқса, бошим осмонга етди. Китоб жўнатган маърифатпарвар юртдошларимизга раҳмат".

Тадбиркор ўз ҳисобидан кутубхонага катта китоб жавони ясаттирди.

Янги иш бошлаган кутубхонанинг бошқаларидан фарқи шундаки, унга аъзо бўлиш шарт эмас. Бу ерда маърифий китоблардан тортиб, Алишер Навоий, Фёдор Достоевский, Александр Дюма, Чингиз Айтматов, Абдулла Қаҳҳор, Ўткир Ҳошимов, Абдулла Орипов асарларигача мавжуд.

Кутубхонадан фойдаланиш бепул. Истаган киши китобни олиб, ўқиши мумкин.

Дилшод Болтабоев оилали, икки нафар фарзанди бор. Куз-қиш мавсумида печка, қувур, ёзда эса асосан, банка сотиш билан шуғулланади. У кутубхонада китоблар кўпайгач, китобларни имконияти чекланган ёки кам таъминланган оилалар фарзандлари учун тарқатишни ният қилган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Шархлар
Мехмон
  28 октябр 2017, 11:38
Рахмат бор эканку
Мехмон
  27 октябр 2017, 15:38
Минг рахмат, ниятларингизга етинг!
Реклама