Ҳажга бориш қанча бўлди?
08 апрел 2018, 18:24 4057 кўрилди

alt

Дин ишлари бўйича қўмита 2018 йилги Ҳаж мавсуми учун тўланадиган пул миқдорини маълум қилди. Унга кўра, сарф-харажатлари энг юқори даражада кўрсатиладиган барча хизматларни эътиборга олган ҳолда ҳамда Жамоатчилик кенгашининг қарорига асосан ҳаж учун тўлов 38 000 000 сўм этиб белгиланди.

Қўмита матбуот хизмати хабар беришича, Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун соҳа мутахассисларидан иборат 230 нафар малакали ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, тиббиёт гуруҳи, ошпазлар гуруҳи сафарбар этилади. Мазкур ишчи гуруҳи ҳаж мавсумида зиёратчиларнинг ибодатларини эмин-эркин ва тўла-тўкис амалга оширишларини таъминлайдилар.

Шунингдек, зиёратчиларимизга муқаддас шаҳарларда жойлашган энг замонавий ҳамда барча шароитларга эга бўлган меҳмонхоналар хизмат кўрсатади. Зиёратчилар нафақат меҳмонхоналарда балки, Мино-Муздалифа-Арафот водийларида ҳам уч маҳал иссиқ овқат, 24 соат иссиқ чой ва тиббий хизмат билан таъминланадилар. Шуни таъкидлаш зарурки, бу хизматлар қўпгина бошқа давлатлар зиёратчиларига кўрсатилмайди.

Шунингдек, 2018 йилги Ҳаж мавсуми зиёратчиларини саралашда унинг моддий ва жисмоний жиҳатдан “Ҳаж” сафарига тайёрлиги, аввал Ҳажга бормаганлиги, ислом дини ва Ҳаж ибодати ҳақидаги тушунчалари, маънавияти, маърифати ва одоб-аҳлоқи, маҳалладаги обрў-эътибори, оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашга қўшаётган ҳиссаси, йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам беришига алоҳида эътибор қаратилди.

Зиёратчиларни турли касалликларга қарши вакцина билан эмлаш ишлари жорий йилнинг 25 апрель кунига қадар давом этиши белгиланди.

 

Шархлар
Реклама