Прокуратура Бекободдаги мактабда юз берган ҳодиса тафсилотларини маълум қилди
21 мая 2018, 10:45 2255 кўрилди

alt

Тошкент вилояти Бекобод шаҳар прокуратураси Бекобод шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган нохуш воқеа юзасидан тергов олди текширув ишларини ўтказди.

Маълум бўлишича, 2018 йил 3 май куни Тошкет вилояти Бекобод шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси М.Ҳамдамова шу даргоҳда тахсил олаётган 1-“ж” синфининг тўрт нафар ўқувчисини уй вазифасини тайёрлаб келмаганликда айблаб, жазо сифатида синфдаги барча ўқувчиларнинг кўз ўнгида “икки” баҳони ручкада уларнинг пешонасига ёзиб қўйган.

Ушбу воқеадан хабар топган мазкур мактабнинг яна бир ўқитувчиси С.Рахмонова  касбдоши М.Ҳамдамовага нисбатан бўлган эски адовати сабабли эртаси куни ўша ўқувчиларни ўз хузурига чақириб, ғаразли ниятда уларнинг пешоналарига “икки” рақамини қайтадан ёзиб, шу кўринишларида уларни уяли телефон ёрдамида суратга олган. Олинган суратни эса интернетдаги тармоқларга касбдоши М.Ҳамдамова номидан жойлаштирган.

Интернет саҳифаларида шов-шувга сабаб бўлган бу сурат кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди.

Текширув натижасида ўқувчиларини хўрлаб, ҳуқуқини поймол  қилган икки нафар ўқитувчи  С.Рахмонова ва М.Ҳамдамовалар таълим ходими, деган номга нолойиқ деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигидаги тегишли моддаларга мувофиқ ишдан бўшатилдилар.

Таълим ходимларининг шундай қабиҳ ишларни қилишларига замин яратиб берган мактаб директори Д.Бабамуратова ҳамда беш нафар директор ўринбосарлари ҳам ўз лавозимларидан озод этилдилар.

Таълим-тарбия ишларидаги йўл қўйилган камчиликлари учун Бекобод шаҳар халқ таълими мудири М.Қўзибоевга эса интизомий жазо чораси сифатида “Ҳайфсан” эълон қилинди.

Ўтказилган текширув ишлари натижасида шунингдек, мактаб учун давлат томонидан ажратилган 21 млн сўм миқдоридаги пул маблағи мазкур таълим масканининг раҳбарлари томонидан талон-торож қилинганлиги ҳам аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан Бекобод шаҳар прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига биноан жиноят иши қўзғатди, дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама