Президент матбуот котиби: Самарқанддаги фожиа сабаблари ўрганилмоқда
17 март 2018, 16:09 3472 кўрилди

alt

Президент матбуот котиби Комил Алламжонов бир неча кун муқаддам Самарқандда кўчани тозалаётган вақтда вафот этган ўқитувчининг ўлими сабаблари ўрганилётганлиги ва ушбу ҳолат бўйича тегишли чоралар кўрилишини маълум қилади. Бу ҳақда у ўзининг Facebook'даги саҳифасида ёзади

Аввалроқ, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 42-мактабнинг меҳнат таълими ўқитувчиси, 23 ёшли Диана Енекеева 14 март куни катта йўлдаги тўсиқларни оқлаш чоғида юк машинаси уриб кетиши оқибатида вафот этгани хабар қилинган эди.

Марҳуманинг ҳамкасби, у билан кўча тозалашга чиққан ўқитувчининг Xabar.uz мухбирига сўзлаб беришича, уларни Президент ташрифи олдидан кўча тозалаш учун Самарқанд — Бухоро трассасига чиқаришган. (Шавкат Мирзиёев бугун, 17 март куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди — UZ24 таҳр.)

«Ласетти»да келган ХТБ вакили бизга алоҳида ҳудудни чегаралаб берди. Мен унга «Бу — катта трасса, юк машиналари катта тезликда юради, одамларга яқин ерда тезликни пасайтириш лозимлигини кўрсатувчи ёки таъмирлаш ишлари кетаётганини билдирувчи белгилар қўйилмайдими, ГАИ (ДЙҲХХ) ходимлари бизга яқин ерда туришмайдими?» дедим. Аммо у «Ана, машиналарида ГАИлар ўтирибди, сизларга қарайди» дея машинасига ўтириб, жўнаб кетди. Машинадаги ГАИ ходимлари бизга яқин ҳам келишмади, бирор белги ҳам қўйилмади, бирортамизга ақалли бирорта байроқча ҳам беришмади, кейин шу фожиа содир бўлди. Биз йўл четидаги дарахтларни оқлаётган, кимдир йўлларни супураётган, Дианалар тўсиқни оҳаклаётган эди. Катта тезликда келган «КамАЗ» Дианани уриб кетди, дейди у.

Диана Енекеевани зудлик билан шифохонага олиб боришларига қарамай, унинг жони узилган. 

Facebook фойдаланувчиларидан бири Президент матбуот котибининг ўз саҳифасида қолдирган постларидан бирига «Ҳокимлар Президент келишидан сал олдин асосан ўқитувчиларни катта ва кичик йўл ёқаларига чиқариб тозалаш ишларига «мажбурлайдилар». Бунинг оқибатида бир неча кун муқаддам Самарқанддаги катта кўчани тозалаётган вақтда 23 ёшли ўқитувчи машина уриб кетиши натижасида вафот этди. Бу каби мажбурий меҳнатга жалб этиш ишлари қачон тугатилади?», дея савол билан мурожаат қилди.

Комил Алламжонов ушбу саволга қуйидагича жавоб берди:

«Бўлиб ўтган ҳодиса, албатта, жуда ачинарли. Фожиага олиб келган сабаблар ҳозир ўрганилмоқда. Натижасига кўра тегишли чоралар белгиланади». 

Ўз номимдан марҳуманинг оиласи ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этаман, қайд этади Президент матбуот котиби.

alt

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  18 март 2018, 18:25
Тўғрисини айтганда республикамизда мажбурий меҳнатга ҳали-бери барҳам берилмайди, шекилли. Сабаби мамлакатимизда қонун устуворлиги тамойили амалда тўлиқ кучга эга эмас. Юқори мансабдор шахсларнинг мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги ваъдаларига эса ҳеч ким ишонмай қўйди. Ҳокимларга берилаётган кенг ваколатлар бюджет ташкилотлари вакилларининг, айниқса ўқитувчилар эксплуатациясининг яна кучайишига сабаб бўлмоқда. Чунки барча мажбурий ишларга жалб этаётган асосий мансабдор шахс бу – ҳокимлар ҳисобланади. Минг афсуски, мажбурий меҳнатга жалб этиш туфайли вафот этиш ҳолати биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Менимча, бундай ҳолатнинг сабабини ўрганишга ҳам ҳожат йўқ. Сабаби шундоқ ҳам аёнку.
Реклама