ОАВ: Самарқанд шаҳри ҳокими Фурқат Раҳимов ва унинг ўринбосарлари қўлга олингани ҳақидаги хабар ўз тасдиғини топмади
12 июл 2018, 11:37 1864 кўрилди

alt

11 июль куни интернет нашрларида ва ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳри ҳокими Фурқат Раҳимов ва унинг ўринбосарлари қўлга олингани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ушбу хабарларда ҳокимият раҳбарияти пора эвазига қурилиш компанияларининг қурилиш қилишига рухсат бераётгани айтилади.

“Дарё”нинг Самарқанддаги мухбири олиб борган суриштирувларига кўра, ҳоким ва унинг ўринбосарлари қўлга олингани ҳақидаги хабарлар ўз тасдиғини топмади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам ҳоким ва унинг ўринбосарлари қўлга олинганини рад этди. Хабарларда ҳибсга олингани айтилган Самарқанд шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Бобур Элмуродов “Дарё” мухбири билан учрашган. Элмуродов ўз ишини давом эттирмоқда ва бугун ҳам фуқароларни қабул қиляпти.

Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати ҳам ҳоким ва унинг ўринбосарлари қўлга олингани бўйича ҳеч қандай маълумот келиб тушмаганини таъкидлаган.

“Бу воқеа бўйича бизга ҳеч қандай маълумот келмаган. Бунга аниқлик киритамиз, бирор хабар бўлса, сизга етказамиз. Лекин ёлғон ахборот берган шахсларга нисбатан ҳам амалдаги қонунлар бўйича жазо борлигини эслатиб ўтинг. Бу хабарни ким қаердан чиқарди албатта аниқлаймиз. Ҳозирча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бирортаси ушбу ҳолат бўлганлигини тасдиқламади”, — деди Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати.

Самарқанд шаҳри ҳокими ва унинг ўринбосарлари қамалгани ҳақидаги хабарни биринчи бўлиб чоп этган нашр ушбу янгиликни сайтдан ўчириб ташлади.

UZ24: ХАБАР ВА ЯНГИЛИКЛАРНИ TELEGRAM'ДА ҲАМ КУЗАТИБ БОРИНГ

Шархлар
Реклама